Суҳайб Румий розияллоҳу анҳунинг аждодлари Исломдан анча олдин Ироқ томонларга кўчиб кетган араблардан бўлган. У кишининг отаси Синан Убулла номли жойга Форс ҳукмдори Кисро томонидан волий этиб тайинланган. Ёш Суҳайб нозу неъматга кўмилган ҳолда ўсиб борар эди.
Бирдан румликлар бостириб келиб қолдилар. Улар диёрни таладилар ва кишиларни асирга олдилар. Асирлар орасида кичик Суҳайб ибн Синан ҳам бор эди. Рум диёрида Синан қул савдоси билан шуғулланадиган савдогарлар қўлига тушди. Ўша ерда у румликларнинг тилини ва урф одатларини ўзлаштирди.
Қулдорлар томонидан қўлма-қўл сотила-сотила Суҳайб ибн Синан охири Маккага келиб қолди. Уни Макка аҳлидан бўлган Абдуллоҳ ибн Жадъон сотиб олди.
Суҳайб ибн Синан ўта ақлли, фаросатли ва эпчил эди. Уни хожаси Абдуллоҳ ибн Жадъон яхши кўриб қолди. Уларнинг орасидаги алоқа ривожлана бориб, охири Абдуллоҳ ибн Жадъон Суҳайб ибн Синанни қулликдан озод қилди ва ўзи билан тижорат қилишга шароит яратиб берди.
Суҳайб ибн Синан Аммор ибн Ясир билан дўст эди. Улар тез-тез учрашиб турар эдилар. Ўша учрашувларидан бири ҳақида Аммор ибн Ясир розияллоҳу анҳу қуйидагиларни айтадилар:
«Дорул Арқамнинг эшиги олдида Суҳайб ибн Синанни учратиб қолдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ичкарида эдилар. Мен унга:
«Нима қилмоқчисан?» деб сўрадим
«Сен нима қилмоқчисан?» деди у.
«Муҳаммаднинг ҳузурига кирмоқчи ва унинг айтадиганларига қулоқ солмоқчиман», дедим.
«Мен ҳам шундоқ қилмоқчиман», деди.
Бас, биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига кирдик. У зот бизга Исломни арз қилдилар. Биз мусулмон бўлдик. Сўнгра биз яширинган ҳолимизда чиқдик».
Кўриниб турибдики, Суҳайб Румий розияллоҳу анҳу Ислом тонги энди ёриша болаган вақтда дастлабкилардан бўлиб иймонга келганлар. Манашунин ўзи у киши учун мисли йўқ фазлдир.
Имом Фахриддин Розий ривоят қиладилар: Суҳайб Румий Мадинаи Мунавварага ҳижрат қилиб жўнаганида, Қурайш мушрикларидан бир гуруҳи у кишини қайтармоқчи бўлиб ортидан борибди. Шунда у киши уловидан тушиб, ўқдонидаги ўқларни тизиб қўйиб, камонни қўлларига олибди-да:
«Эй қурайш аҳли, менинг ичингизда энг мерганлардан бири эканимни яхши биласизлар-а?! Аллоҳга қасамки, ўқдондаги ўқ тугамагунча, биттангиз ҳам менга яқинлаша олмайсиз! Сўнгра қиличим билан, қўлимда қанчаси қолса, шунчаси билан чопаман. Кейин нимани истасангиз, қилаверасиз!» – деди.
«Сен бизнинг юртимизга келганингда ҳеч нарсанг йўқ гадо эдинг, ҳозир эса кўплаб мол-дунёга эга бўлдинг», – дедилар.
«Молимнинг қаердалигини айтиб берсам, ўз йўлимда кетавераманми?» деди Суҳайб.
Улар, ҳа, деган эдилар, у моли Макканинг қаерида эканини айтиб берди.
Бу хабар Пайғамбар алайҳиссаломга етганда:
«Савдо фойда келтирди, эй Суҳайб! Савдо фойда келтирди, эй Суҳайб!»дедилар.
Бир оз туриб Аллоҳ: «Ва одамлардан Аллоҳнинг розилигини тилаб жонини сотадиганлари бор», деган ояти карима нозил бўлди».
Мадинага минг машаққатда етиб келди. Расулуллоҳ (с.а.в.) ҳазрат Умар ва ҳазрат Абу Бакр (р.а.) билан биргаликда Кулсум ибн Хадмнинг уйида меҳмон эдилар. Суҳайб ниҳоятда чанқаган, очиққан, бунинг устига бир кўзи оғриётганди. У Расулуллоҳ (с.а.в.) ўтирган жойга кириб сўрашди ва дастурхондаги хурмодан ея бошлади.
Ҳазрат Умар Расулуллоҳ (с.а.в.)га: “Кўзи оғрияпти-ю, хурмо ейишини қаранг”, дедилар.
Расулуллоҳ (с.а.в.) Суҳайбга юзландилар:
– Кўзинг оғрияпти, сен эса хурмо еяпсан...
– Ё Расулуллоҳ (с.а.в.), кўзларимнинг бири соғ, ўшанинг ҳақини еяпман.
Унинг жавобидан барчанинг юзига табассум югурди.
Ҳазрати Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳуга қарши фитначилар томонидан суиқасд уюштирилганда энг қаттиқ қайғурганлардан бири Суҳайб Румий розияллоҳу анҳу бўлганлар.
Убайдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу кўчага чиқиб, отамнинг қонида кимнинг айби бўлса ҳаммасини ўлдираман, деб эълон қилди.
Ўша пайтда Суҳайб Румий розияллоҳу анҳу Мадинанинг волийси эдилар. У киши Убайдуллоҳни ушлаб қамашга амр қилдилар. Уни ушлаб Саъд ибн Абу Ваққоснинг уйига қамаб қўйилди. Унга қўриқчилар қўйилди. Убайдуллоҳнинг иши бўйича халифа сайлангандан кейин ўша одам ўз ҳукм чиқариши керак эди.