Байрам эмасми, борадиган жойларимиз кўпайди. Кундузги соат 15.30да кўчага чиқдим. Офтоб аямай олов пуркаяпти. Асфальтдан жиз-жиз иссиқ ҳовур кўтарилади. Маршруткага ўтирдим. Йўловчилар уловнинг салқин томонига ўзларини уришди. Ҳайдовчида эса салқин томонни танлаш имкони йўқ. Исиққа ҳам, совуққа ҳам сабр қилади у.
Кимдир елпинади, кимдир жазирамадан нолийди... Иссиқда мудраб бораётганлар ҳам анчагина. Ҳайдовчи эса жимгина йўлида давом этади.
“Тезроқ юрсангиз бўлмайдими”, дейди биров бетоқатланиб. Бошқалар бу фикрни қўллаб-қувватлайди. Йўллар эса тирбанд. Йўллар ўйдим-чуқур. Ҳайдовчи ўйчан кўзларини йўлдан узмайди.
Манзилига етиб, “шу ерда тўхтатиб юборинг”, дейди бир хоним ва айтган жойидан 10 метрлар чамаси ўтиб тўхтаган ҳайдовчига жаҳл қилиб, “нима бало гарангми”, дея эшикни қарсиллатиб ёпиб, тушиб кетади... Ҳайдовчи индамайди. Йўлида давом этади...
Азизлар, жазирама иссиқда бир соатгина кўчага чиқиб, бетоқат бўляпмиз. Автобусларда, маршруткаларда, таксиларда узоғимизни яқин қилаётган бу заҳматкаш инсонлар эса эрталабки соат 6.00 дан кечгача мана шу жазирама йўлларда ишлашяпти.
Офтобнинг оловдек тиғида ҳам нолимайгина узоғимизни яқин қилаётган, жаҳлга жаҳл эмас босиқлик билан жавоб қайтараётган мана шу заҳматкашларнинг меҳнатини қадрлайлик. Манзилимизга етганимизда “Раҳмат, барака топинг”, дея дуо қилайлик. Яхши гап жон озиғи, дейишади-ку, ахир...