Қозоғистонда, Туркистон вилоятининг Қорамурт қишлоғида ваҳший қотиллик содир бўлди. 45 ёшли эркак 14 йилдан бери бирга яшаган хотинини рашк туфайли ўлдирган. Кейин эса ўз жонига қасд қилган.
Энг даҳшатлиси, уларнинг жасадларини эрталаб болалар кўришган. Тўрт нафар фарзанд бир кечада етим қолди. Улар ҳозир болалар уйида.
Эрта тонгда мактабга тайёрланаётган 13 ёшли қиз онасининг қонга беланган танасига дуч келди. У уйнинг ҳовлисида деярли яланғоч ҳолда ётарди. Шу қадар калтаклангандики, қариндошлари уни дарҳол танимаган. Қизалоқнинг қичқириғига қўшнилар югуриб келишган.
Тез орада отанинг жасади ҳам топилди. У ҳожатхонада ўзини осган ва ўз жонига қасд қилган аудиёзувни қолдирган. Яқинларининг сўзларига кўра, жанжал кечаси бошланиб, эрталабгача давом этган. Эркак ўз аудиёзувида хотинини хиёнатда гумон қилиб, рашк туфайли ўлдирганини айтган.
Ҳозирда полиция тергов ишларини олиб бормоқда. Туркистон вилояти ички ишлар бошқармаси ўлдирилган аёлнинг яқинлари сўзларини қисман тасдиқлади: «Дастлабки маълумотларга кўра, маҳаллий аҳоли турмуш ўртоғига оғир тан жароҳати етказган, шундан сўнг у вафот этган. Шундан сўнг у аудиёзувни қолдириб, ўз жонига қасд қилган».
Марҳумларнинг тўрт нафар фарзанди бор. Катта қиз 13 ёшда, кенжа ўғли уч ёшда. Болалардан бири ногирон. Қариндошларининг қайд этишига кўра, эркакда доимий иш йўқ, рафиқаси эса туғруқ таътилида уйда эди.