ҲАМАС ҳаракатининг маълум қилишича, Исроил асирларининг жасадларини топшириш кечикмоқда, чунки Исроил Ғазо секторига қутқарув ускуналарини киритишга рухсат бермаган.
«Айрим исроиллик асирларнинг жасадлари Исроил бомбардимонлари натижасида вайрон бўлган тоннел ва бинолар вайронаси остида қолган. Кечикиш айнан Исроилнинг Ғазога ускуналар киритмаслиги билан боғлиқ», — дейилади ҳаракат баёнотида.
ҲАМАС таъкидлаганидек, етиб бориш мумкин бўлган барча жасадлар аллақачон топширилган, аммо қолганларини олиб чиқиш учун зарур техника мавжуд эмас. «Биз Исроил ҳукуматини кечикиш учун тўлиқ жавобгар деб ҳисоблаймиз», — дейилади баёнотда.
Ҳаракат вакили Ҳазем Қосим халқаро ҳамжамият бир неча исроиллик аскар тақдирига эътибор бериб, бироқ вайроналар остида қолган минглаб фаластинликларнинг жасадларига бефарқ муносабатда бўлишини иккиюзламачилик деб атади.
Аввалроқ Ғазо Соғлиқни сақлаш вазирлиги Исроил томонидан топширилган 120 нафар фаластинлик жасадини қабул қилгани, уларнинг кўпчилигининг шахси ҳали аниқланмаганини маълум қилган эди. Оғир техника етишмаслиги сабабли қутқарув ишлари секин кечаётгани таъкидланди.
Маълумотларга кўра, Исроилнинг икки йилдан зиёд давом этган ҳужумлари натижасида Ғазодаги инфратузилма ва қутқарув ускуналари деярли бутунлай йўқ қилинган.
ҲАМАС Биньямин Нетаняху ҳукуматини келишувни кечиктириш, Рафаҳ ўтиш нуқтасини ёпиш ва гуманитар ёрдамни чеклашда айбламоқда.
Ғазо ҳукумати ахборот хизматига кўра, Исроил ўт очишни тўхтатиш келишуви кучга кирганидан бери секторига атиги 653 юк машинаси гуманитар ёрдам киритилган. Келишувга кўра эса, ҳар куни 600 та юк машинаси ёқилғи ва озиқ-овқат олиб кириши керак эди.