Бугун 2 февраль, 2026 йил, душанба

O'ZB

Ҳафта давомида беқарор об-ҳаво кузатилади

Ҳафта давомида беқарор об-ҳаво кузатилади

Гидрометеорология хизмати маркази хабарига кўра, жорий ҳафта давомида мамлакатимиз ҳудудига Туркманистон орқали нам ҳаво массалари кириб келиши ҳисобига беқарор об-ҳаво шароити ҳукм суради.

Бугун республика бўйлаб баъзи жойларда ёмғир ёғиши, фақат Фарғона водийси вилоятларида ёғингарчиликсиз очиқ ҳаво бўлиши прогноз қилинмоқда. Кундузги ҳарорат 11-16 даража илиқни ташкил этса, шимолий ҳудудларда 3-8 даража илиқ атрофида бўлади.

Ҳафтанинг ўрталарига қадар илиқ ҳаво оқими сақланиб қолади: кечалари 5-10 даража, кундуз кунлари эса 13-18 даража илиқ бўлиши кутилмоқда.

Бироқ тоғ олди ва тоғли ҳудудларда вазият бирмунча мураккаб бўлиб, 2-3 февраль кунлари вақти-вақти билан кучли ёғингарчилик кузатилиши ва қор кўчиши хавфи юзага келиши мумкин. Фақатгина 4 февраль куни республика бўйича қисқа муддатли ёғингарчиликсиз танаффус бўлиши кутилмоқда.

Ҳафта охирига келиб об-ҳаво кескин ўзгаради. Жума, 6 февраль кунидан бошлаб Қозоғистон ҳудудидан совуқ ва нам ҳаво массалари кириб келиши натижасида ёмғир қорга айланиши кутилмоқда.

Ҳарорат фони сезиларли даражада пасайиб, кундузи ҳам, кечаси ҳам 1-6 даража илиқни ташкил этади. Шимолий ҳудудларда эса қиш нафаси янада кучайиб, ҳарорат кечаси 12 даражагача, кундузи эса 5 даражагача совуқ бўлиши мумкин.

Пойтахт Тошкентда ҳам ҳафта давомида ўзгарувчан об-ҳаво кузатилади. Бугун вақти-вақти билан ёмғир ёғиб, шамол тезлиги 15 м/с гача кучайиши мумкин.

Жума кунига бориб ёмғир қорга айланиши ва ҳароратнинг 1-6 даража илиққача тушиб кетиши кутилмоқда. Шунингдек, ҳафта давомида республиканинг баъзи жойларига туман тушиши эҳтимоли бор.

Киритилди: Бугун 13:15. Ўқилди: 371 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!