Бугун 16 апрель, 2024 йил, сешанба

O'ZB

Ғузордаги икки боланинг ўлимига Қрим-Конго вируси сабаб бўлгани маълум қилинди

Ғузордаги икки боланинг ўлимига Қрим-Конго вируси сабаб бўлгани маълум қилинди

Хабарингиз бор, 2022 йил 20 июнь куни Ғузор тумани тумани тиббиёт бирлашмасида 3 ёшли бола ўлимолди ҳолатида олиб келинган ва у шифохонада вафот этгани, орадан икки кун ўтиб, вафот этган бола билан битта ҳовлида яшаган, 2016 йилда туғилган қизча ҳам номаълум касалликдан вафот этгани ҳақида хабар берган эдик.

Мазкур ҳодиса шов-шув бўлгач Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати Ғузорга малакали врачлар юборилганини хабар берди.

Орадан бир неча кун ўтиб, ССВ икки нафар бола ҳам ўта хавфли инфекцион касаллик – геморрагик иситмадан вафот этгани тахмин қилинаётганини билдирди.

Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги матбуот хизматининг маълум қилишича, ўшанда ғузорлик болалар Қрим-Конго вируси туфайли вафот этган.

Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизматининг ўта хавфли юқумли касалликлар бўлими бош мутахассиси Умир Мирзаевга кўра, мазкур вирус асосан чорва молларида бўладиган канадан юқиши мумкин.

Касаллик табиий шароитда ўзида геморрагик иситма вирусини сақлайдиган каналарнинг чақиши ва қўлларни кана қони билан ифлосланиши натижасида одамларга юқади. Яна бир хавфли томони – бу ҚКГИ билан оғриган беморнинг қони орқали ҳам гемоконтакт йўл билан соғлом одамга юқади. Касалликнинг яширин даври ўртача 2 – 3 кун давом этади. Баъзида бу давр бир неча соатларгача қисқаради ёки 14 кунгача чўзилади.

Унинг айтишича, Қрим-Конго геморрагик иситма касаллигидан сақланиш учун қуйидагиларга риоя қилиш тавсия этилади:

— баданга кана ёпишганлиги аниқланса, яқин жойлашган тиббиёт муассасасига мурожаат қилиш керак;

— каналарни қўл билан эзиб, қайчи билан кесиб ўлдирмаслик, қирқим мавсумига ёш болалар, ўсмирлар ва ҳомиладор аёлларни жалб этмаслик, сут соғиш жараёнида сигирлардан канани қўл билан олмаслик;

— кананинг устки қисмига 1 томчи ўсимлик мойи томизилса кана ўлади;

— чорвачилик билан шуғулланадиган аҳоли йилига 2 марта дезинфекция ишларини амалга ошириши керак;

— эски молхоналарда вақти-вақти билан таъмирлаш ишларини олиб бориш керак;

— қирқим вақтида фақат махсус ҳимоя кийимлардан (қўлқоп, енг ва почалари мустаҳкам беркиладиган шим, камзул, резина этик) фойдаланиш, шахсий гигиена қоидаларига пухта амал қилиш керак.

«Йирик ва майда шохли ҳайвонларда учрайдиган иксод каналари ушбу касаллик вирусининг сақловчиси ва ташувчилари ҳисобланади. Олимлар иксод каналарининг сувсиз ва озуқасиз 20 йилдан ортиқ яшаши мумкинлигини аниқлаган. Эски молхоналар, девор кавакларида яширинган каналар об-ҳавонинг серёмғир келиши ва ҳаво ҳароратининг бирдан қаттиқ исиб кетиши натижасида ҳаракатга келади. Шу сабабли молхоналарда вақти-вақти билан креолиннинг 3 фоизли ишчи эритмалари билан дезинфекция ишлари ўтказиб турилиши керак», дейди У.Мирзаев.

Киритилди: 17:54 07.08.2022. Ўқилди: 3369 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!