Politico нашрининг Гренландия минерал ресурслар вазири Наая Натаниэлсенга таяниб хабар беришича, агар АҚШ президенти Трамп ва NATO бош котиби Марк Рютте ўртасидаги келишувга АҚШ фуқаролари ва компанияларига Гренландия табиий ресурсларидан фойдаланиш ҳуқуқини бериш масаласи киритилса, Гренландия уни қабул қилмайди.
Вазирнинг сўзларига кўра, мазкур келишувдан эълон қилинганидан сўнг Гренландия расмийлари ўз позициясини қатъий равишда билдирган. Натаниэлсен агар бундай битимлар доирасида орол ресурсларини учинчи давлатга топшириш талаб этилса, Гренландия ўз ҳудуди бўйича ҳар қандай келишувни рад этишини таъкидлади.
"Биз минерал ресурслар секторимизнинг келажакдаги ривожи бўйича қарорлар Гренландиядан ташқарида қабул қилинишига асло рози бўлмаймиз", — деди вазир.
Politico маълумотларига кўра, Гренландияда ноёб ер элементларининг йирик захиралари мавжуд. Ушбу элементлар юқори қувватли магнитлар ва микросхемалар ишлаб чиқаришда қўлланилади. Бундай магнитлар шамол турбиналари, электромобиллар ҳамда юқори технологияли ҳарбий ускуналарни йиғишда муҳим аҳамиятга эга.
Аввалроқ оммавий ахборот воситалари NATO бош котиби Марк Рютте ва АҚШ президенти Доналд Трамп Қўшма Штатларга Гренландиядаги конлардан чекланмаган шаклда фойдаланиш имконини берадиган ҳамда зарур миқдорда ҳарбий базалар барпо этишга йўл очадиган келишувга эришганини маълум қилган эди.