“Касперский лабораторияси” иловалари эндиликда Google Play фойдаланувчилари учун мавжуд эмас, деб хабар қилди компания матбуот хизмати.
“Google компанияси қарорига кўра, Android қурилмамиздаги хавфсизлик иловалари ҳозирча расмий Google Play иловалари дўконида мавжуд эмас”, дейилади баёнотда.
Касперский лабораториясининг тушунтиришича, Google қарори Америка ҳукумати томонидан компания маҳсулотларини тарқатиш ва сотишга қўйилган тақиқ билан боғлиқ. “Касперсий”га кўра, Google АҚШ Савдо вазирлигининг иловаларни мамлакат ташқарисида тарқатишни тақиқламайдиган қарорини ортиқча изоҳламоқда.
“Ушбу чекловлар Қўшма Штатлардан ташқарида қонуний кучга эга бўлмаса-да, Google барча маҳсулотларимизни Google Play’дан олиб ташлади”, дея қўшимча қилди компания.
“Касперсий” вазиятни барча манфаатдор томонлар билан фаол муҳокама қилмоқда.
Қайд этилишича, Android қурилмаларида Google дўконидан ўрнатилган барча иловалар ишлашда давом этади, пулли обуналар фаол бўлиб қолади, лицензиялар ва вирус маълумотлар базасини янгилаш шахсий булутли инфратузилма орқали бошқарилади.
Компания ўз иловаларини Samsung Galaxy Store, Huawei AppGallery, Xiaomi GеtАpps каби бошқа дўконлардан юклаб олишни тавсия қилмоқда.