2024 йилнинг 20 сентябрь кунидан 20 октябрь кунига қадар Тошкент шаҳрида ўтказилаётган гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларнинг ноқонуний айланмасига қарши курашиш ойлиги доирасида туну кун хизмат ташкил этилган. Тадбирга жалб қилинган ИИО, ДХХ ва МГ ходимларининг саъй-ҳаракатлари билан гиёҳвандлик воситаларини яшириш йўли билан (“закладка”) тарқатувчи шахслар ушланмоқда.
Октябрь ойининг 10 куни давомида ана шундай ноқонуний фаолият билан шуғулланувчи 32 нафар шахс ушланган. Уларнинг ёнидан ва яширган жойларидан гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар аниқланиб, холислар иштирокида расмийлаштириб олинган.
Барча ҳолатлар юзасидан Тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 273-моддаси 5-қисми (“Гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзлаб қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар қилиш, шунингдек уларни қонунга хилоф равишда ўтказиш”) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, гумон қилинувчиларга нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланган, тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
Эслатиб ўтамиз! Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 273-моддасига кўра, ушбу жиноятни содир этган шахсга нисбатан суд томонидан 20 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиши мумкин.