Ўзбекистонда гиёҳвандлик ва наркожиноятларга қарши курашиш бўйича 2024-2028 йилларга мўлжалланган миллий стратегиянинг устувор мақсадларига эришиш, гиёҳвандлик ва уюшган наркожиноятчиликка қарши курашиш фаолиятини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш орқали аҳолини, биринчи навбатда, ёшлар саломатлигини ҳамда миллат генофондини самарали ҳимоя қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар белгиланди.
Унга кўра:
- Наркожиноий уюшма ташкил этиш, интернет орқали ўтказиш, нарколаборатория тузиш ва мансабдор шахс ҳомийлик қилиш каби қилмишлар учун йигирма йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланади.
- Вояга етмаганларга нисбатан содир этилган ҳар қандай наркожиноят жавобгарликни оғирлаштирувчи ҳолат сифатида қайд этилади.
- Гиёҳвандлик воситаларини кўп миқдорда ўтказиш ва кучли таъсир қилувчи моддаларни таълим ташкилотларида муомалага киритиш каби қилмишлар учун жазо икки бараваргача оғирлаштирилади.
- Айрим наркожиноятларни содир этган шахсларни муддатидан илгари шартли озод қилмаслик тартиби жорий этилади.
- Прекурсорлар (гиёҳвандлик воситалари тайёрланадиган кимёвий моддалар) айланмаси устидан қатъий давлат назорати ўрнатилади, рўйхати кенгайтирилади.