Федерал бандлик агентлигининг баҳолашича, Германия ишчи кучига бўлган эҳтиёжни қондириш учун иммигрантларга муҳтож. Охирги 10 йил ичида меҳнатга лаёқатли ёшдаги Германия фуқаролари сони деярли 4 миллионга камайди, худди шу даврда мамлакатга ушбу ёш гуруҳига мансуб 3,4 миллион киши кўчиб келган, деб хабар беради идора.
2014 йил июнидан 2025 йил июнигача бўлган даврда Германияда бандлик ўсишининг 43 фоизи учинчи давлатлардан келган фуқаролар ҳиссасига тўғри келди. Қочоқлар бандликнинг ўсишига сезиларли ҳисса қўшди, деб баёнот берди Федерал бандлик агентлигининг ҳудудлар бўйича директори Даниэл Терценбах.
Агентлик маълумотларига кўра, кўплаб касблардаги кадрлар етишмовчилиги муаммоси борган сари иммигрантлар ҳисобига ҳал қилинмоқда. Айниқса кадрлар тақчиллиги юқори бўлган соҳаларда уларнинг улуши 2014 йилдан буён 7 фоиздан 14 фоизгача ошди.