Германия прокуратурасининг маълум қилишича, тергов доирасида чет элликларни мамлакатга ноқонуний олиб кириш, ноқонуний яшашни ташкил этиш, виза олишда фирибгарлик ва ҳужжатларни қалбакилаштириш ҳолатлари ўрганилмоқда.
Мазкур иш бўйича Германиянинг Ҳессен ва Қуйи Саксония федерал ерларидаги еттита манзилда тинтув ўтказилган. Операцияга 220 нафарга яқин федерал полиция ходими жалб қилинган.
"Терговчилар эътиборида асосан Ўзбекистон фуқароларидан иборат бўлган, халқаро миқёсда фаолият юритган гуруҳ турибди. Тинтувлар давомида 12 нафар гумонланувчи аниқланган. Шунингдек, Германияда ноқонуний яшаётган яна 9 нафар шахс ҳам текширувга олинган", дейилади хабарда.
Дастлабки маълумотларга кўра, гумонланувчилар иш излаб Европага кетмоқчи бўлган Ўзбекистон фуқаролари учун қисқа муддатли Шенген визаларини расмийлаштириб берган. Бунинг учун улар давлат идораларига ёлғон маълумотлар тақдим этган ва сохта ҳужжатлардан фойдаланган.
Тергов материалларида қайд этилишича, Германияга кириб келган шахсларга кейинчалик қалбаки Европа Иттифоқи ҳужжатлари ҳам берилган. Ушбу ҳужжатлар ёрдамида банк ҳисобварақлари очилган, мобил телефон рақамлари фаоллаштирилган, шунингдек, турли давлат идоралари ва суғурта тизимларида рўйхатдан ўтиш ишлари амалга оширилган.
Ҳуқуқ-тартибот органлари маълумотига кўра, гуруҳ камида 76 нафар Ўзбекистон фуқароси учун виза расмийлаштирган бўлиши мумкин. Бир дона виза учун 2 минг евро, авиачипта учун яна 2 минг евро, қалбаки ҳайдовчилик гувоҳномаси учун эса 400 евро талаб қилинган.