2025-йил 1-июлдан бошлаб Германия ҳукумати виза беришдан бош тортилган ҳолатларда аппеляция бериш имкониятини бутунлай бекор қилди. Бу ҳақда Германия Ташқи ишлар вазирлигининг расмий сайтида эълон қилинди.
Ушбу қарор Германия визасига бўлган аризалар сонининг ошиши сабабли визаларни кўриб чиқиш жараёнини тезлаштириш ва кўпроқ аризаларни қайта ишлаш имконини яратиш мақсадида жорий этилди.
Эндиликда виза олишдан бош тортилган фуқаролар фақат икки йўлни танлаши мумкин:
Янги виза аризасини топшириш;
Элчихона қарорига қарши Берлиндаги маъмурий судга шикоят киритиш.
Янги тартиб дунё бўйлаб барча Германия элчихоналари ва консулликларида амал қилади.
Германия ТИВ маълумотларига кўра, 2024-йилда Германия элчихоналари тахминан 2 миллионта виза аризасини кўриб чиққан. Шундан 485 мингтаси узоқ муддатли яшаш учун мўлжалланган миллий визалар бўлган. Бу кўрсаткич 2023-йилга нисбатан 7 фоизга, коронавирус пандемиясидан олдинги 2019-йилга нисбатан эса 26 фоизга кўпроқдир.