1 июль куни Россияда жорий йил бошидан бери учинчи бор ҳарбий-ҳаво кучларига тегишли самолёт қулаб тушди.
Бу сафар ҳалокатга учраган самолёт – Су-27 русумидаги кўп мақсадли, оғир тўртинчи авлод юқори тезликдаги қирувчи самолёти. Бу ҳақда “The Moscow Times” нашри хабар берди.
Нашрга кўра, ҳалокат Нижегород вилоятининг Кулебаки шаҳри яқинидаги Велетьма посёлкасидан 10 км узоқликда, ўрмон ҳудудида юз берган. Ушбу жой яқинида Россия Мудофаа вазирлигининг 4-Давлат авиация тайёргарлик марказининг филиали жойлашган. Самолётда икки нафар учувчи бўлган. Уларнинг иккаласи ҳам катапульта ёрдамида қутулишга улгурган. Маҳаллий манбалар хабарига кўра, ҳалокат жойида ёнғин ўчириш ишлари олиб борилмоқда.