Бу ҳақда DW нашри маълум қилди.
"Биз депортация марказларини яратиш талабини қўллаб-қувватлаймиз. Бу мутлақо зарур ва инновацион ёндашув деб ҳисоблаймиз", — деди Александр Добриндт Европа мамлакатлари ички ишлар вазирлари учрашувининг очилишида.
Сиёсатчининг фикрича, бошпана изловчиларни қабул қилишга тайёр бўлган, “имкон қадар келиб чиқиш мамлакатларига яқин жойлашган” давлатлар билан келишувларга эришиш лозим.
Еврокомиссиянинг миграция масалалари бўйича вакили Магнус Бруннер эса, ўз навбатида, миграция масаласини кун тартибига доимий равишда киритишни таклиф қилди. У шунингдек, Европа давлатларига бошпана изловчиларни Евроиттифоққа алоқаси бўлмаган учинчи мамлакатларга депортация қилиш имконини беришни таклиф этди.
Брюсселнинг ЕИ бюджети бўйича навбатдаги режалари орасида, жумладан, Европа чегара агентлиги — Frontex'ни молиялаштиришни ошириш ҳам назарда тутилган. Бруннернинг сўзларига кўра, асосий мақсадлардан бири Ливия каби мамлакатлар билан миграция бўйича келишувларга эришишдир. Айнан шу давлат орқали кўплаб одамлар Европага етиб боришга ҳаракат қилмоқда.
"Ливия ҳукумати томонидан йўлда тўхтатилган мигрантлар мажбуран қайтариб юборилади ва асоссиз тарзда ҳибсга олинади. Ҳуқуқни ҳимоя қилувчи ташкилотлар Европа Иттифоқини бу мамлакатда инсон ҳуқуқлари бузилишида шерикликда айбламоқда", дея ёзмоқда Deutsche Welle.