Бугун 20 декабрь, 2025 йил, шанба

O'ZB

Германия 535 нафар афғонистонликка бошпана бермоқчи

Германия 535 нафар афғонистонликка бошпана бермоқчи

ГФР ички ишлар вазири Александер Добриндт Германия йил охиригача гуманитар сабаблар билан мамлакатда бўлишга рухсат олган 535 нафар Афғонистон фуқаросини қабул қилишга тайёр эканини билдирди. У бу ҳақда 18 декабр, пайшанба куни Redaktionsnetzwerk Deutschland (RND) медиагуруҳи нашрларига берган интервюсида айтди.

Гап 2021 йил августда “Толибон” ҳаракати Афғонистонда ҳокимиятни эгаллаб олганидан кейин Покистонга қочган одамлар ҳақида кетмоқда. Улар Германия бундесвери ва бошқа давлат ташкилотлари билан ҳамкорлик қилгани учун ўз хавфсизлигига таҳдид бўлишидан қўрққан.

Александер Добриндтнинг айтишича, Германия ҳукумати бу афғонистонликларни “имкон қадар тезроқ” қабул қилишдан манфаатдор.

AFP келтирган Amnesty International ва Pro Asyl ҳуқуқ ҳимоя ташкилотлари маълумотларига кўра, Покистонда Германияга эвакуацияни кутиб турган тахминан 1800 нафар афғонистонлик бор. Уларнинг кўпчилиги Германиянинг давлат, ноҳукумат ва маданий ташкилотларида ишлаган.

250 дан ортиқ немис ташкилоти Германия федерал ҳукуматига очиқ хат йўллаб, гуманитар сабаблар билан Германияда бўлишга рухсат олган афғонистонликларни қабул қилишга чақирган. “Вақт тугаяпти — ҳар кун ҳисобда. Агар бу одамлар Афғонистонга қайтарилса, уларнинг ҳаёти хавф остида қолади”, — дея ташкилотлар баёнотидан иқтибос келтиради AFP.

Киритилди: 23:13 19.12.2025. Ўқилди: 281 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!