Россия Федерацияси Мудофаа вазирлигининг кадрлар бўлими бошлиғи Юрий Кузнетсов жуда катта миқдорда пора олганликда гумонланиб, суд томонидан ҳибсга олинди. Бу ҳақда Россия Тергов қўмитаси расмий вакили Светлана Петренко маълум қилди.
«Тергов маълумотларига кўра, 2021-2023 йилларда Кузнетсов Россия Федерацияси Қуролли Кучлари Бош штабининг саккизинчи бошқармаси бошлиғи сифатида тижорат тузилмалари вакилларидан уларнинг фойдасига муайян ҳаракатлар қилгани учун пора олган», деди Петренко.
Маълум қилинишича, гумонланувчи 15 йилгача қамоқ жазосига ҳукм қилиниши мумкин.
Тергов қўмитаси Кузнетсовнинг ҳақиқий яшаш ва рўйхатдан ўтган жойларида тинтув ўтказиш чоғида 100 миллион рублдан ортиқ пул ва хорижий валютадаги маблағлар, тилла тангалар, коллекция соатлари ва қимматбаҳо буюмлар топилганини ва олиб қўйилганини қайд этди.