Тошкентдаги "Ҳумо арена" мажмуасида бокс бўйича "IBA Чемпионлар оқшоми" мусобақаси якунланди.
Оқшомнинг марказий жанги ҳамюртимиз Ҳасанбой Дўсматов ва испаниялик боксчи Самуэль Кармона ўртасида кечди. IBA чемпионлик камари учун ўтказилган мазкур 10 раундлик жангда Ҳасанбой Дўсматов ҳакамларнинг якдил қарори билан ғалаба қозониб, камарни қўлга киритди.
Жангдан олдин IBA президенти Умар Кремлёв ушбу тўқнашувда боксчилардан кимдир 5-раундгача муддатидан олдин ғалаба қозонса, кафолатланган гонорардан ташқари, "Гелендваген" русумли автомобилга ҳам эга чиқишини айтган эди. Бироқ жанг тўлиқ 10 раунд давом этди.
Жангдан сўнг IBA раҳбари у 5-раундгача кимдир ғолиб бўлган тақдирдагина, машинани олиши мумкин бўлганини маълум қилди:
"Ақлдан оздирадиган даражада энергияга бой бўлди. Барча боксчиларга ёрқин жанглар учун, мухлисларга эса атмосфера учун миннатдорчилик билдираман. Афсус, марказий жангда икки боксчи ҳам бир-бирини 5-раундгача мағлуб эта олмади".