Фаластиндаги ҲАМАС ҳаракати Ғазода ўт очишни тўхтатиш бўйича сўнгги таклифга мусбат жавоб берди.
"Ҳаракат ўз жавобини биродар воситачиларга тақдим қилди. Бу жавоб ижобий руҳда бўлди ва ҳаракат ушбу келишув доирасини амалга ошириш механизмлари бўйича жиддий ва дарҳол янги музокаралар раундини бошлашга тўлиқ тайёр," — дейилади ҲАМАСнинг баёнотида.
❕ Исроил (Тель-Авив) ҳозирча ҲАМАСнинг жавобига расмий изоҳ бермади.
Al Jazeera маълумотларига кўра, келишув 60 кунлик тўхтатиб туришни ўз ичига олади ва у Дональд Трамп томонидан кафолатланади. Бу муддат давомида исроиллик гаровдагилар босқичма-босқич озод этилади ҳамда гуманитар ёрдам миқдори оширилади.
Гаровдаги шахсларни алмашиш жараёни 1-, 7-, 30-, 50- ва 60-кунларда амалга оширилиши кутилмоқда.
Музокаралар тинчлик режими бошланган биринчи кундан бошлаб, воситачилар назорати остида бошланади. Улар қуйидаги масалаларни қамраб олади:
– Фаластинлик маҳбуслар эвазига барча гаровдагиларни озод қилиш,
– Исроил қўшинларининг Ғазодан чиқарилиши,
– Келгусида хавфсизлик чоралари ва
– Ғаза учун "кейинги кун"га доир режалар.
🗣 ҲАМАС баёнотидан олдин, шу ҳафтанинг бошида АҚШ президенти Дональд Трамп Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяҳунинг Вашингтонга ташрифи арафасида Исроил ва ҲАМАСга келишув тузиш учун босим ўтказаётганини маълум қилган эди.