Тез ёрдам машиналари ва қутқарувчилар Исроил мудофаа кучларининг Ғазо сектори шимолидаги зарбасидан сўнг вайроналар остида қолиб кетган кўплаб қурбонларга ёрдам бера олмаяпти.
Бу ҳақда Қатарнинг Al Jazeera телеканали Камол Адван касалхонаси директори Ҳусам Абу Сафияга асосланиб хабар бермоқда.
Унинг сўзларига кўра, Исроил армияси атрофдаги турар-жой ҳудудларига зарба берганидан сўнг ўнлаб қурбонларнинг жасадлари Камол Адван касалхонасига етказилган, улар орасида кўплаб аёллар ва болалар ҳам бор. "Кўп одамлар ҳали ҳам вайроналар остида қолиб кетган, бироқ вайроналар остида қолганларни қутқариб қолишнинг иложи йўқ" - деди шифохона директори ва Исроил аскарлари "ҳудудни ўраб олгани ва қутқарувчиларнинг у ерда ишлашига рухсат бермаяпти".