Исроил “хавфсиз ҳудудлар” яратиш баҳонасида Ғазо сектори жанубидан фаластинликларни қувиб чиқармоқчи.
Исроил армияси матбуот котиби Авичай Адраи Американинг X компанияси ижтимоий тармоғидаги баёнотида Хон Юнуснинг Меваси ҳудудини “гуманитар ҳудуд” деб эълон қилди. Шу билан бирга, армия Ғазо шаҳридаги фаластинликлар орасида Мевасига кўчишга чақирувчи рисолалар тарқатди.
Бунга жавобан Ғазо Ички ишлар вазирлиги ёзма баёнот бериб, Исроил Ғазо шаҳридаги бинолар ва инфратузилмани вайрон қилиш орқали тинч аҳолини террор қилаётгани ва фаластинликларни уйларини ташлаб кетишга мажбурлаётганини билдирди.
Баёнотда айтилишича, Исроил армияси таҳдидлар орқали олиб борган руҳий уруши самарасизликка учрагач, Ғазо шаҳридаги биноларни вайрон қилиш йўли билан фаластинликларни қувиб чиқаришга ҳаракат қилмоқда. Вайрон қилинган кўп қаватли уйлардан ҳарбий мақсадларда фойдаланилгани ҳақидаги даъволар эса “асоссиз ёлғон айбловлар ва тинч аҳолига қарши жиноятларни оқлашга уринишдир”.
Ғазо жанубида “хавфсиз гуманитар ҳудуд”нинг мавжудлиги “фирибгарлик” бўлиб, Исроилнинг “ёлғони” дунёнинг кўз ўнгида тахминан икки йил давомида бу ерларда ҳар куни аёллар ва болаларга ҳужум қилаётгани ҳолатларида яққол кўринмоқда.
Баёнотда таъкидланишича, агар фаластинликлар Исроил армиясининг ёлғон баёнотлари ва таҳдидларига қулоқ солиб, улар кўрсатган ҳудудларга борса, бу Исроилнинг кўчириш режаларини амалга оширишини осонлаштиради.