Фаластин маҳбуслар жамияти (PPS) маълумотларига кўра, 19 январда Ғазода ўт очишни тўхтатиш режими кучга кирганидан сўнг, босиб олинган Ғарбий Қирғоқда Исроил кучлари томонидан олиб борилаётган кенг кўламли ҳарбий тажовуз бошланганидан буён камида 380 киши қамоққа олинган.
Рамаллоҳда жойлашган ташкилот баёнотида айтилишича, "Исроил ишғолчи ҳокимияти, айниқса Ғарбий Қирғоқнинг шимолий вилоятларида - Женин ва унинг лагери, Тулкарем ва Тубас каби жойларда қамоққа олиш ва дала сўроқларини кучайтирмоқда".
PPS маълумотларига кўра, сўнгги 24 кун ичида Женинда камида 150 нафар фаластинлик қамоққа олинган, улардан камида 125 нафари Тулкаремни 18 кунлик қамал қилиш пайтида Исроил аскарлари томонидан асир қилинган. Ташкилот 17 кун давомида Тубасда камида 100 та қамоққа олиш ҳолати қайд этилганини билдирди.