Бугун 14 август, 2026 йил, жума

O'ZB

Ғарбий Европа кузатувлар тарихидаги энг иссиқ ёзни бошдан кечирмоқда

Ғарбий Европа кузатувлар тарихидаги энг иссиқ ёзни бошдан кечирмоқда

Экстремал иссиқлик ва узоқ давом этаётган қурғоқчилик минтақани қамраб олди: Франция ҳудудининг 85 фоизи хавф остида, шифокорлар эса ўлим кўрсаткичининг кескин ошиши ва иссиқлик стрессининг инсон саломатлиги учун хавфи ҳақида огоҳлантирмоқда.

Жаҳон метеорология ташкилоти (ЖМТ) матбуот котиби Клэр Нуллис Женевада бўлиб ўтган брифингда Ғарбий Европа июнь–июль ойларида кузатувлар тарихидаги энг иссиқ даврни бошдан кечирганини маълум қилди.

Европа Иттифоқининг Ерни кузатиш бўйича Copernicus дастури маълумотларига кўра, ер юзасига яқин ҳавонинг ўртача ҳарорати саноатлашувгача бўлган давр кўрсаткичидан 1,47°C юқори бўлган. Натижада ўтган ой тарихдаги иккинчи энг иссиқ июль бўлди.

Айрим Европа мамлакатларида бу ёзда аномал иссиқликнинг тўртинчи тўлқини кузатилди. Июль ойида денгиз юзаси ҳарорати ҳам барча рекорд кўрсаткичларни янгилади.

Кучли қурғоқчилик қишлоқ хўжалиги, энергетика ва дарё транспортига жиддий зарар етказиб, кенг кўламли ўрмон ёнғинларини ҳам келтириб чиқармоқда. Copernicus дастурининг сунъий йўлдош тасвирларига кўра, ҳозирда Франция ҳудудининг 85 фоизини қурғоқчилик қамраб олган. Илгариги йиллардаги яшил манзаралар ўрнини беж ва тупроқ ранглари эгаллаган.

Европа билан бир қаторда Япония, Жанубий Корея, Яқин Шарқ мамлакатлари ва Лотин Америкасида ҳам аномал юқори ҳарорат кузатилди. Айни пайтда Осиё ва Ғарбий Африкада кучли муссон ёмғирлари ёғиб, сув тошқинлари ва кўчкиларга сабаб бўлди.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) экспертларининг таъкидлашича, Европа минтақаси сайёранинг умумий кўрсаткичига нисбатан қарийб икки баробар тез исимоқда. Аномал иссиқлик инсон саломатлиги учун асосий иқлим хавф омилига айланган.

Экстремал юқори ҳарорат сувсизланишга олиб келади, юрак-қон томир тизимига жиддий юклама туширади ҳамда инфаркт, инсульт ва сурункали касалликларнинг кучайиши хавфини кескин оширади. Энг юқори хавф гуруҳига кексалар, кичик ёшдаги болалар ва очиқ ҳавода ишлайдиганлар киради.

Шу муносабат билан ЖМТ ва ЖССТ аҳолини ҳимоя қилиш учун иссиқлик тўлқинлари ҳақида эрта огоҳлантириш тизимларини кенгайтиришни асосий устувор вазифа деб атади.

Киритилди: Бугун 21:31. Ўқилди: 173 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!