Оғир вазн тоифасида собиқ жаҳон чемпионлари Тайсон Фьюри ва Энтони Жошуа ўртасидаги жангга чипталар сотув бошланганидан кейин қисқа вақт ичида тугади. Source of Boxing нашри маълумотига кўра, барча чипталар 40 дақиқада сотилган.
Жангни бевосита томоша қилиш истагида бўлган 500 мингдан ортиқ мухлис онлайн навбатга турган. Чипталар нархи 120 доллардан 17 минг долларгача бўлган.
Саудия Арабистони кўнгилочар тадбирлар бошқармаси раҳбари Туркий аш-Шайхнинг билдиришича, чипта харид қилиш учун навбат кутаётганлар сони 700 мингга яқинлашган. Уларнинг 500 мингдан ортиғи Ticketmaster платформасида, яна 170 минг нафари стадионнинг расмий сайтида рўйхатга олинган.
Эслатиб ўтамиз, икки британиялик боксчи ўртасидаги кутилган тўқнашув 11 декабрь куни Уэльснинг Кардифф шаҳридаги «Принсипалити» стадионида бўлиб ўтади.