Франциянинг давлат атом гиганти Орано икки мамлакат ўртасидаги муносабатлар узилганидан сўнг назорати қийинлашган Нигердаги уран активларини сотишни режалаштирмоқда.
Бу ҳақда Financial Times (ФТ) газетаси ишончли манбаларга таяниб хабар бермоқда.
Манбаларнинг маълум қилишича, потенциал харидорлар орасида Россия ва Хитой компаниялари, шунингдек, Кипрнинг Curzon Uranium компанияси бор.
Orano Нигерда учта уран конига эга бўлиб, уларни маҳаллий давлат компаниялари билан ҳамкорликда ишлатиб келган. Бироқ 2023 йилдаги ҳарбий тўнтаришдан сўнг компания у ерда деярли фаолият юрита олмай қолди. Нигернинг янги ҳукумати Ғарб давлатлари, жумладан Франция билан алоқаларни узишни бошлади. 2024 йил январидан бошлаб Франциянинг Нигердаги элчихонаси ёпилди.
FT’нинг таъкидлашича, Orano компаниясининг Нигердан чиқиб кетиши Франциянинг минтақадаги таъсири камайиб бораётганининг яна бир тасдиғи бўлади.