Бугун 28 ноябрь, 2024 йил, пайшанба

O'ZB

Фолбин – коҳин, фолбин – арроф

A A A
Фолбин – коҳин, фолбин – арроф

Фолбинларга ва фол кўрувчиларга шаръий китобларимизда «коҳин» ва «арроф» деб ном берилган. Коҳин баъзи яширин, сирли нарсаларни, тўғрироғи, ғайбни билишни даъво қилади. Унинг баъзи айтганлари тасодифан тўғри чиқиши ҳам мумкин, аммо аксарият фоллари нотўғри чиқади. Тасодифан тўғри чиққан гапини ўзи ҳам, одамлар ҳам такрор-такрор айтиб юрадилар. Нотўғри чиққан фоллари ҳақида эса сукут сақлашни афзал кўришади. Натижада коҳин одамлар кўзига ғайб нарсаларни биладиган бир башоратгўй бўлиб кўринади. Коҳинлар ўзларининг жинлар билан алоқаси борлигини ва уларга келган хабарларни жинлар айтишини даъво қилишади.

Арроф ҳам худди коҳинга ўхшайди. Уламолардан Имом Бағавий: «Арроф – турли ишларнинг сабабларини билишини, йўқолган нарсанинг қаерда турганини, ўғирланган нарсани ким ўғирлаганини ва шунга ўхшаш нарсаларни билишини даъво қилувчидир», дейдилар. Албатта, фолбинлар кўпроқ келажакда рўй берадиган ишларни билишини даъво қиладилар. Бу эса шариат ҳукми бўйича куфр ҳисобланади. Чунки ғайбни фақат Аллоҳ таолонинг Ўзигина билади. Ким уни билишини даъво қилса, кофир бўлади.

Шунингдек, фолбинликнинг бошқа турлари ҳам бор. Улардан учтаси қуйидаги ҳадиси шарифда баён этилган.

Қатан ибн Қобийсадан, у киши эса ўз отасидан ривоят қилади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Чизиқ чизиб, тош билан ва қуш билан фол очиш Аллоҳдан бошқага ибодат қилишдандир», дедилар».

Имом Насаий ривоят қилган.

Ўша вақтларда турли чизиқларни чизиб, шунингдек, майда тошларни ташлаб, уларни турли томонларга қимирлатиб фол очиш ҳоллари учраган. Қуш билан фол очиш эса махсус боқилган қушлар орқали амалга оширилар экан. Фол очирмоқчи бўлган шахс бир ишни қилмоқчи бўлса ёки бунда иккиланиб қолса, фолбиннинг олдига келиб, пул берар, ундан ўзи учун фол очиб беришини сўрар экан. Шундан кейин фолбин қушини олиб, осмонга отар,қуш ўнг томонга учиб кетса, ўша ишни қилиш, чап томонга учиб кетса, қилмаслик, агар тўғрига учса, яна қайта фол очиш керак бўлар экан. Фолбинликнинг булардан бошқа турлари ҳам бўлган.

Ҳозирги пайтда фол очишнинг турлари сон-саноқсиз бўлиб кетди. Қарта билан, қушларга хат торттириш билан, қўлнинг кафтига қараб туриб, суратга қараб ва ҳоказо... Буларнинг ҳаммаси куфр ишлардир.«Мунажжим» деганда юлдузларнинг ўрнига, юришига, ҳаракатига, уларнинг бир-бирига нисбатан жойлашишига қараб келажакда бўладиган ишлар ҳақида хабар берувчилар тушуниладиҲозирги кунда худди шу тоифадаги кишиларнинг иши роса ҳам юришган. Кўпгина давлатларда рўзномалар, ҳафтаномалар ва ойномалар, радио-телевизорлар мунажжимларнинг кундалик, ҳафталик, ойлик, йиллик, ўн йиллик фолларини тарқатишда мусобақа қилади. Баъзи одамлар ишларини мунажжимларнинг айтган гапларига қараб режалаштиришади. Илм-маърифат, тараққиёт даъво қилиб турилган даврда бундай ишларнинг содир бўлиши илоҳий таълимотдан узоқлашган инсоннинг нима тўғри келса, ўшани қилаверишини кўрсатиб турибди. Ислом шариати ҳукмига кўра, ғайб илмини даъво қилгани учун бу маънодаги мунажжимлик ҳам куфр ҳисобланади.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ким юлдузлардан илм иқтибос қилса, сеҳрданбир шўъба иқтибос қилган бўлади. (Ўша илм қанча) зиёда бўлса, (гуноҳи шунча) зиёда бўлиб бораверади», деганлар».

Имом Абу Довуд ривоят қилган.

Аммо юлдузларнинг ўзини ўрганиш, улар ҳақида илмий ишлар қилиш, уларга тегишли муаммоларни ва ҳолатларни ўрганиш яхши, фойдали ишдир. Исломда бунга тарғиб қилинади. Шунинг учун ҳам қадимда, Ислом динига яхши амал қилиб турилган вақтларда мусулмонлар орасидан етук ва машҳур фалакиёт илми олимлари етишиб чиққан. Исломий истилоҳда юлдузга қарабфол очадиганлар мунажжим (астролог), юлдузларни ўрганадиган олимлар эса фалакиёт илми соҳиблари (астроном) деб аталади.

Фолбинлик ва мунажжимлик бир-бирига яқин нарсалар бўлгани учун ҳадиси шарифларда ҳам улар бирга зикр этилади. Бу мавзудаги ҳадисларда инсонлар ва жамиятга нисбатан ўта зарарли бундай маънавий жиноятларнинг улкангуноҳ, куфр ва ширк экани қайта-қайта таъкидланади.

Оиша розияллоҳу анҳо айтадилар:

«Одамлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан коҳинлар ҳақида сўрашди. Шунда у зот:

«Улар ҳеч нарсага арзимайди», дедилар.

«Эй Аллоҳнинг Расули, баъзан улар бир нарсани айтса, ҳақ бўлиб чиқади-ку?» дейишди. У зот:

«У ҳақдан бўлган бир калима бўлиб, жинлардан бири уни илиб олади, ўз«оғайниси» қулоғига товуқнинг қақиллашига ўхшатиб илқо қилади. Улар эса унга юздан ортиқ ёлғонни аралаштириб юборадилар», дедилар».

Имом Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

Ушбу ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг жоҳилиятдан қолган бўлмағур эътиқодларни қандай муолажа қилганларининг бир намунаси зоҳир бўлмоқда. Бу ажойиб услубни у зот кишиларнинг саволига жавоб беришда ишлатмоқдалар.

«Одамлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан коҳинлар ҳақида сўрашди».

Яъни одамлар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан коҳинларга Ислом нуқтаи назаридан қандай қаралиши, уларнинг ишлари тўғри ёки нотўғри экани ҳақида сўрашди.

«Шунда у зот: «Улар ҳеч нарсага арзимайди», дедилар».

Ҳа, Аллоҳ таолонинг мукаммал дини наздида фолбинлар сариқ чақага ҳам арзимайдиган кимсалардир. Лекин бу ҳақиқатни тушуниб етмаган одамлар уларнинг қандайдир қиймати бор, дебюрадилар. Жоҳилият вақтида ҳам шундай бўлган. Ўша фикрнинг қолдиғи таъсирида одамлар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг жавобларидан кейин яна қўшимча савол беришди.

«Эй Аллоҳнинг Расули, баъзан улар бир нарсани айтса, ҳақ бўлиб чиқади-ку?» дейишди».

Дарҳақиқат, баъзи вақтларда фолбиннинг гапи тўғрига ўхшаб кўринади. Фолбинлар одамларни ўз тузоғига илинтирадиган нарса ҳам аслида шу. Ана шу нарса нима эканини Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам баён қилдилар.

«У зот: «У ҳақдан бўлган бир калима бўлиб, жинлардан бири уни илиб олади, ўз «оғайниси» қулоғига товуқнинг қақиллашига ўхшатиб илқо қилади. Улар эса унга юздан ортиқ ёлғонни аралаштириб юборадилар», дедилар».

Бу иқтибосда тилга олинган «оғайни» фолбиндир. Ҳа, фолбин жиннинг оғайниси бўлади. Қайси бир фолбиннинг шахси яхшироқ ўрганиб чиқилса, бу ҳақиқат дарҳол юзага чиқади. Уларнинг ўзлари ҳам «жинларим» дейиш ўрнига «одамларим, боболарим», дейишади. Ўша «одамлар», яъни жинлар баъзи ҳақ калималарниэшитиб олиб, фолбинга етказади. Фолбин эса бирга юз ёлғонни қўшиб, содда кишиларни алдайди, уларнинг вақтини, пулини, имконини ва бошқа кўпгина нарсаларини тортиб олади.

Manba: islom.uz

Киритилди: 01:00 11.10.2018. Ўқилди: 7882 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!