Финляндияда сўровда қатнашган аҳолининг қарийб ярми (49%) мамлакатда ядровий қурол жойлаштирилишига қарши чиқмоқда. Бундай маълумотларни "Helsingin Sanomat" нашри "Verian" компанияси ўтказган сўровномага таяниб келтирмоқда.
"Финларнинг деярли ярми Финляндия ҳудудида ядровий қурол бўлишига қарши чиқмоқда", — дейилади нашрда.
Сўровнома натижаларига кўра, респондентларнинг 49 фоизи бундай қарорга қарши эканлигини билдирган. Иштирокчиларнинг 31 фоизи буни қўллаб-қувватлаган бўлса, яна 20 фоизи жавоб беришга қийналган.
Иқтидордаги "Миллий коалиция" партияси сайловчилари орасида бу ғояни 62 фоиз киши маъқуллайди. Шу билан бирга, мухолифатдаги социал-демократлар тарафдорларининг 61 фоизи ядровий қурол жойлаштирилишини қўллаб-қувватламайди.
Сўровнома 6-9 март кунлари 18 ёшдан ошган 1134 киши ўртасида ўтказилди. Хатолик даражаси 2,9 фоиз пунктини ташкил этди.