Бугун 1 февраль, 2026 йил, якшанба

O'ZB

FIDE рейтинги янгиланди. Нодирбек Абдусатторов ўз ўрнида қолди, Жавоҳир Синдоров эса бир поғона юқорилади

FIDE рейтинги янгиланди. Нодирбек Абдусатторов ўз ўрнида қолди, Жавоҳир Синдоров эса бир поғона юқорилади

Жаҳон шахмат федерацияси (ФИДE) январ ойи якуни бўйича янгиланган рейтингни эълон қилди. Кучли 100 талик рўйхатда Ўзбекистондан 5 нафар гроссмейстер ўрин олди.

Рейтингда норвегиялик Магнус Карлсен 2840 очко билан етакчилик қилмоқда. Иккинчи поғонадан америкалик Ҳикару Накамура жой олди (2810). Кучли учликни эса яна бир АҚШ вакили Фабиано Каруана (2795) якунлади. Топ-10 рейтингдан шунингдек Винсент Кеймер (2776), Аржун Эригаиси (2775), Аниш Гири (2760), Алиреза Фирузжа (2759), Праггнананда (2758), Гукеш Доммаражу (2754) ва Веи Ли (2754) ўрин олган.

FIDE рейтинги янгиланди. Нодирбек Абдусатторов ўз ўрнида қолди, Жавоҳир Синдоров эса бир поғона юқорилади

Ўзбекистонлик шахматчиларнинг эгаллаган ўрни қандай?

Нодирбек Абдусатторов ҳамон Ўзбекистоннинг биринчи рақамли шахматчиси бўлиб турибди. Унинг ҳисобида 2751 очко бор. Абдусатторов ҳозирда ФИДE рейтингида 12-поғонани банд этган. Нодирбек ҳозирда Нидерландиянинг Вейк-ан-Зее шаҳрида бўлаётган Tata Steel Chess турнирида иштирок этмоқда. У Мастерс гуруҳи доирасидаги 12-тур беллашувларидан кейин 8 очко билан турнир жадвалининг биринчи поғонасини банд этган. Абдусатторов ушбу мусобақадаги иштирокини якунласа, ФИДE рейтингида 5-поғонага кўтарилиб олади.

Ўзбекистоннинг иккинчи рақамли гроссмейстери Жавоҳир Синдоров ФИДE рейтингида бир поғона юқорилаб, 20-ўриндан жой олди. Синдоров ҳисобидаги очколар сони декабрь ойига нисбатан 3 баллга камайган (2726). Бироқ рақибларининг ёмон натижалари эвазига кўтарилди. Шунингдек, Жавоҳир ҳам Tata Steel Chess мусобақасида муваффақиятли иштирок этмоқда. У 12-тур якунларига кўра, 7,5 очко билан турнир жадвалида 2-поғонани банд этган. Агар ушбу мусобақа якунланса, 7 поғона юқорилаб, 14-ўринга кўтарилиб олиши эҳтимоли юқори.

Нодирбек Ёқуббоевнинг рейтингдаги ўрни ўзгаришсиз қолди. У 2691 очко билан 36-поғонани банд этган. Тажрибали гроссмейстер Рустам Қосимжонов 2668 очко билан 48-ўринни эгаллаб турибди. У ўтган ойда 51-ўринда эди. Яна бир ўзбекистонлик шахматчи Шамсиддин Воҳидов 2644 очко билан 79-ўринни банд этган (ўтган ой 85-поғона эди). ФИДE жамоавий рейтингига кўра, Ўзбекистон Шахмат федерацияси 2606 очко билан 12-ўринни эгаллаб турибди.

Шунингдек, ФИДE аёллар топ-100 рейтингида икки нафар ўзбекистонлик шахматчи ўрин олган. 16 ёшли Афруза Ҳамдамова 2403 очко эвазига 40-ўринни эгаллаб турган бўлса, Гулруҳбегим Тоҳиржонова 2363 очко билан 81-поғонани банд этган. Ўзбекистон аёллар терма жамоаси ФИДE рейтингида 2258 очко билан 15-поғонадан жой олган.

Киритилди: Бугун 15:59. Ўқилди: 259 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!