Вакил девони тадбиркорларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, шунингдек, уларнинг фаолиятида юзага келаётган тизимли муаммоларни аниқлаб, бартараф этиш бўйича ҳудудларда ўрганиш ишларини олиб бормоқда. Хусусан, Қорақалпоғистон Республикасида ўтказилган учрашувлар давомида фермер хўжаликлари томонидан фойдаланилган электр энергияси учун қўшимча реактив энергия тўловлари нотўғри ҳисобланиши ва ундирилиши ҳолатлари аниқланди.
Мисол учун, Нукус тумани энергосавдо бўлими томонидан тумандаги «Манғыт қыпшақ» фермер хўжалигига тегишли сув насосига 2024 йил учун 4,8 млн сўм миқдорида реактив энергия тўловлари ҳисобланган. Бу биргина ҳолат эмас, балки тизимли муаммо эканлиги аниқланди. Туман энергосавдо бўлимлари томонидан 2024 йилда жами 241 та фермер хўжалигига 197 млн сўм компенсация ҳисобланиб, унинг 101 млн сўми 121 та фермер хўжалигидан ундирилган. 2025 йилда эса 140 та фермер хўжалигига нисбатан 89 млн сўм компенсация ҳисобланиб, 53 млн сўми 62 та фермер хўжалиги томонидан тўланган. Демак, икки йил давомида жами 381 та фермер хўжалигига қарийб 287 миллион сўмлик реактив энергия компенсацияси ҳисобланиб, унинг 155 млн сўмдан ортиғи асоссиз ундирилган.
Вакил девони томонидан мазкур ҳолат ўрганилиб, энергосавдо бўлимлари томонидан Вазирлар Маҳкамасининг 31.05.2024 йилдаги 319-сонли Қарори билан тасдиқланган “Электр энергиясидан фойдаланиш қоидалари” талаблари қўпол равишда бузилганлиги аниқланди. Мазкур Қоидаларнинг 146-банди реактив энергия компенсацияси учун чегирмалар (устамалар) рухсат этилган қуввати 50 кВт ва ундан ортиқ бўлган I ва II тариф гуруҳлари истеъмолчиларига нисбатан амалга оширилишини белгилайди. Бироқ, ушбу бандда фермер хўжаликлари ва сув истеъмолчилари уюшмаларининг насос станциялари бу тартибдан истисно этилиши аниқ кўрсатиб ўтилган. Қолаверса, Қоидаларнинг 148-бандига мувофиқ, фермер хўжаликларининг насос станциялари истеъмол қилган реактив энергия ҳисоботларда кўрсатилади, лекин маблағ кўринишида ҳисобланмаслиги ва тўловлар ундирилмаслиги белгиланган. Демак, фермер хўжаликларининг насос станцияларидан реактив энергия учун пул ундириш қонунга хилоф бўлган.
Аниқланган қонунбузилиш ҳолатлари бўйича Бизнес-омбудсман девони томонидан Энергосавдо филиали Қорақалпоғистон Республикаси бўлимига тақдимнома киритилди. Натижада, фермер хўжаликларига нотўғри ҳисобланган реактив энергия компенсацияси қарздорлик ҳисобидан чиқарилди. Энг муҳими, ноқонуний равишда ундирилган пул маблағлари фермер хўжаликлари билан қайта ҳисоб-китоб қилиниб, тўлиқ қайтарилиши таъминланди. Шунингдек, мазкур хатоликка йўл қўйган масъул мансабдор шахсларга нисбатан тегишли тартибда маъмурий жарималар қўлланилди.