Украинанинг “КиберБорошно” лойиҳаси Қримдаги беш кундан ортиқ ёнғин давом этган нефт омборининг сунъий йўлдош суратини эълон қилди.
Таҳлилчиларнинг фикрича, базадаги жами 12 та резервуар шикастланган, улардан 8 таси йўқ қилинган. Шунингдек, ҳудуддаги бинолар ҳам ёниб кетган.
Феодосиядаги нефт базасида портлашлар ва ёнғин 7 октябрга ўтар кечаси бошланганди. Украина Қуролли кучлари Бош штаби маълумотларига кўра, Украина мудофаа кучлари нефт маҳсулотларини ташиш ҳажми бўйича Қримдаги энг йирик денгиз нефт терминалига ҳужум қилган.
Мутахассисларнинг фикрича, нефт омборида сақланаётган барча нефт маҳсулотлари ёниб кетмагунча, бундай ёнғинни ўчиришнинг имкони йўқ. Мингдан ортиқ одам яқин атрофдаги ҳудудлардан эвакуация қилинган.
Қрим ҳукумати ёнғин билан боғлиқ вазият ёнғин бошланганидан олти кун ўтиб, кеча барқарорлашганини маълум қилди.
Шаҳар раҳбари Игор Ткаченконинг сўзларига кўра, эвакуация қилинган аҳолининг аксарияти уйларига қайтган.
"Бироқ, фавқулодда ҳолат ҳали бекор қилингани йўқ, ёнғин оқибатларини бартараф этиш давом этмоқда", деб ёзди Ткаченко.