Теннесси штатида яшовчи Скайлер Филипи оммавий қирғин қуролини қўллашга уриниш ва энергетика инфратузилмаси объектини вайрон қилишда айбланиб ҳибсга олинди.
Бу ҳақда АҚШ Адлия вазирлиги маълум қилди.
24 ёшли Филипи портловчи моддалар билан жиҳозланган дрон ёрдамида Нэшвиллдаги электр станциясига ҳужум уюштирмоқчи бўлган. ФҚБ жиноятчи дронни ишга туширмоқчи бўлганида унинг режасини барбод қилишга муваффақ бўлди.
Департамент маълумотларига кўра, Филипи бошқа инфратузилмаларга қилинган ҳужумларни ҳам муҳокама қилган ва оммавий қирғин учун портловчи қурилмалардан фойдаланишга тайёрлиги ҳақида гапирган.