Бугун 19 ноябрь, 2026 йил, пайшанба

O'ZB

ФБР АҚШнинг Грециядаги собиқ элчиси фаолиятини тергов қилмоқда

ФБР АҚШнинг Грециядаги собиқ элчиси фаолиятини тергов қилмоқда

АҚШ Федерал тергов бюроси (ФБР) ходимлари Грециядаги собиқ Америка элчиси Кимберли Гилфойлга нисбатан билдирилган айбловларни текшириш учун Афина шаҳрига етиб борди.

Грециянинг SKAI телеканали хабар беришича, ФБР вакиллари ўтган ҳафтадан буён мамлакат пойтахтида фаолият олиб бормоқда.

Жумладан, тергов собиқ элчининг яқин доирасига кирган лоббичи Христос Марафацоснинг ролини, шунингдек, унинг Грециянинг Aktor қурилиш-энергетика гуруҳи билан алоқалари ва эҳтимолий келишувларини ўрганишга қаратилган. ФБР ходимларининг Грециядаги иши қачон якунланиши ҳозирча маълум эмас.

Гилфойлнинг номи АҚШ президенти Дональд Трамп маъмурияти фаолияти бўйича Конгрессдаги демократлар ўтказишни режалаштираётган тергов доирасида ҳам тилга олинмоқда.

Конгресс аъзоси Роберт Гарсия собиқ элчига мактуб йўллаб, хизмат мавқеидан молиявий ёки бошқа манфаатлар олиш мақсадида фойдаланган бўлиши мумкинлигига оид барча ҳужжатларни сақлаб қолишни талаб қилган.

Мактубда келтирилишича, Гилфойл номзоди Сенат томонидан тасдиқланишидан олдин Республикачилар партиясининг донорларидан биридан 100 минг доллар сўраган. Бу маблағ эвазига у Трамп маъмуриятининг юқори лавозимли вакиллари билан учрашиш имкониятини тақдим этишни, кейинчалик эса бу сумма 1 миллион долларгача етиши мумкинлигини ваъда қилган бўлиши эҳтимоли айтилган.

Бундан ташқари, демократлар Гилфойл яқин алоқада бўлган икки нафар грек тадбиркори томонидан унинг сафарлари молиялаштирилгани ҳақидаги маълумотларни ҳам текшириш ниятида.

Конгресс аъзолари терговида собиқ элчининг Aktor гуруҳи манфаатларини ҳимоя қилган лоббичи билан ҳамкорлиги ҳақидаги хабарлар ҳам ўрганилиши мумкин.

Мактубда келтирилган маълумотларга кўра, Гилфойл ушбу компанияга инфратузилма лойиҳаларини топшириш мақсадида Болқон мамлакатлари ҳукуматларига бир неча бор босим ўтказган бўлиши мумкин.

Киритилди: Бугун 10:20. Ўқилди: 255 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар