Адлия вазирлигида журналистлар учун “ОАВда фавқулодда вазиятларни ёритишнинг ҳуқуқий жиҳатлари” мавзуида онлайн-семинар бўлиб ўтди.
Видеоконференция шаклида ўтказилган вебинарда юридик фанлар доктори, ЮМОМ кафедра мудири Бобоқул ТОШЕВнинг “Фавқулодда вазиятлар журналистикасининг ҳуқуқий жиҳатлари” ҳақидаги маърузаси тингланди.
Ҳозир “Техноген офатларни ОАВда ёритишнинг ўзига хос жиҳатлари: халқаро тажриба ва миллий амалиёт” мавзуида ФВВ масъул ходими Самандар Ҳикматуллаев маъруза қиляпти. — Турли фавқулодда ҳолатларни ёритишда эҳтиёткор бўлиш керак. Масалан, чўкиб кетган боланинг мурдасини, автоҳалокатга учраган одамнинг суратини бериш орқали унинг яқинлари руҳиятига ёмон таъсир кўрсатиш мумкин. Ахборот етказишда қонунчиликка амал қилиш керак. Тўғри, фавқулодда ҳолатларни ёритиш керак, лекин фавқулодда ҳолатларда одамлар ўзларини қандай тутишлари кераклигини, биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш қоидаларини ўргатиш тўғрироқ бўлар эди. Журналистларнинг ҳамкорлиги бу ерда жуда муҳим, — таъкидлади С.Ҳикматуллаев.
Шундан сўнг, ЎзЖОКУ ўқитувчиси Беруний Алимовнинг “Фавқулодда ҳолатларини ёритишда журналистлар фаолиятидаги этик чекловлар” номли маърузаси тингланди. — Юқорида ҳозир мутахассислар томонидан давлатимизда фавқулодда ҳолатлар соҳасини ёритадиган журналистлар камлиги, борларида ҳам мавзуни ёритишда профессионаллик етишмаётгани, баъзан улар томонидан соҳадаги атамалар ҳам нотўғри қўлланиш ҳолатлари учраётгани таъкидланди.
Яна бир муаммо ҳозирда соғлиқни сақлаш соҳасида содир бўлган фавқулодда вазият пайтида инфодемия атамаси пайдо бўлди. Инфодемия хатоларнинг бўрттирилиши, ёлғон хабар ва миш-мишларнинг авж олишига олиб келмоқда. У, шунингдек, самарали жавоб чоралари кўрилишига ҳалал бериши, касалликнинг олдини олиш учун таклиф этиладиган ечим ва маслаҳатларга нисбатан чигаллик ва ишончсизлик туғилишига сабаб бўлиш мумкин.
Инглизларда бир ақида мавжуд: “Қон чиқмаса ҳисобмас”. Биламизки, одамлар қонли воқеалар, жанжалли ҳодисалар ва таҳдидларга оид ахборотларга ўч. Кўплаб ОАВ вакиллари асосан шундай хабарларни ёритишдан манфаатдор бўлаяпти. Аммо бу инсонлар руҳиятига салбий таъсир кўрсатиши, улар кўнглида ваҳима ва қўрқинч уйғотиши ва аянчли фожеаларга олиб келиши мумкинлиги, бу воқеалар ортида инсон тақдири ётгани улар учун муҳим эмас. Аммо Ўзбекистон журналистларининг касб этикаси кодексида ҳам журналист одамларнинг шахсий ҳаёт дахлсизлиги ҳуқуқини ҳурмат қилади. Шахс шаъни ва қадр-қиммати камситилишига йўл қўймайди, дейилган. Журналистлар мазкур қоидаларга амал қилиши зарур ва шарт деб ҳисоблайман.
Римликларда бир тушунча бор. Яъни, Сиз ўсиб келаётган гулга қанчалик сен гўзалсан, чиройлисан десангиз у ҳақиқатдан гўзаллашиб, чиройли ўсади. Агарда унга сен илонсан, ҳунуксан десангиз у албатта, илон шаклида ўсади. Мажозий маънода журналистлар ҳам ахборот етказишда мана шу жиҳатни ҳам ёдда тутишлари керак.
Журналист фавқулодда вазиятларни ёритишда нималарга эътибор қилиши керак?