Бугун, 19 ноябр куни соат 06:19 да Сирдарё иссиқлик электр станциясидан Фарғона водийси вилоятларига электр энергияси узатувчи, Тожикистон ҳудудидан ўтувчи 500 kV кучланишли “L-503” электр узатиш тармоғида ноқулай об-ҳаво шароити туфайли авариявий узилиш юз берди, дея хабар берди Энергетика вазирлиги.
Дастлабки маълумотларга кўра, ноқулай об-ҳаво таъсирида мураккаб релефли адирлик ҳудудида жойлашган электр узатиш тармоғи таянчларидан бири қулаган. Натижада автоматик ҳимоя тизими ишга тушиб, мазкур тармоқ орқали электр энергияси узатилиши вақтинча тўхтаган. Бу эса айрим истеъмолчиларнинг электр таъминотида узилишларга сабаб бўлган.
Айни пайтда “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” раҳбарияти бошчилигидаги мутахассислар ҳамда авария-тиклаш бригадалари ҳодиса жойига сафарбар этилган. Тожикистоннинг тегишли ташкилотлари билан ҳамкорликда авария оқибатларини бартараф этиш ва электр узатиш тармоғи фаолиятини тиклаш бўйича тезкор ишлар олиб борилмоқда.
“Таъмирлаш-тиклаш ишлари якунлангунга қадар Фарғона водийси вилоятларининг айрим ҳудудларида электр таъминотига вақтинчалик чекловлар киритилади”, дейилади вазирлик хабарида.