Фарғона вилояти ИИБ ва вилоят прокуратураси тезкор ходимлари томонидан ҳамкорликда ўтказилган тадбир давомида ноқонуний равишда тиббиёт спирти қадоқлаётган цех фаолиятига чек қўйилди.
Фарғона шаҳар “Мустақиллик” маҳалласида жойлашган сув хўжалигига қарашли бино холислар иштирокида кўздан кечирилганида, Риштон туманида яшовчи Я.А. ноқонуний равишда яширин цех ташкил қилганлиги фош этилди.
Устамон “тадбиркор” бу бинода санитария-гигиена талабларига мутлақо мос келмайдиган шароитда турли фармацевтика корхоналари ёрлиқларидан ўғринча фойдаланиб, 70 фоизли тиббиёт этил спирти маҳсулотларини қадоқлаб, дорихоналарга тарқатиш билан шуғулланиб келган экан.
Тадбир давомида 4 минг 750 литр спирт, маҳсулотга ёпиштириладиган ёрлиқлар, қўлбола қадоқлаш ускунаси ва яна бир нечта маҳсулотлар далилий ашё сифатида ҳужжатлаштириб олинди.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан дастлабки тергов ва суриштирув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.