Бугун 26 апрель, 2024 йил, жума

O'ZB

Фарғонада «Матиз» машинасида ёниб кетган аёл фожиасининг асосий сабаби нима эди?

Фарғонада «Матиз» машинасида ёниб кетган аёл фожиасининг асосий сабаби нима эди?

2023 йилнинг 24 январь куни соат тахминан 19-ларда Фарғона шаҳрида 29 ёшли Муҳаммадали Усмонов «Матиз» русумли автомашинасида ҳомиладор турмуш ўртоғи (шаръий никоҳ асосида), 36 ёшли Маҳлиё Ҳайдаровани шифохонадан яшаш хонадонига олиб кетаётган вақтида рашк туфайли ўртада жанжал келиб чиқади.

Ушбу воқеалар чизгиси Фарғонада ўтган ҳафта содир бўлган, айтиш мумкинки, ўта машъум ҳодисани қайта ёдингизга солгандир. Дарҳақиқат, М. Усмонов турмуш ўртоғи билан гаплашиб олиш мақсадида автомашинани «Нефтчи» стадиони рўпарасида тўхтатгани, кутилмаганда автомашина орқа ўриндиғида ўтирган аёл ўзи билан уйидан олиб чиққан пластмасса идишдаги бензин ёқилғисини дастлаб турмуш ўртоғи, кейинчалик ўзи ва автомашина салони ичига сепгани, қўрқиб кетган эркак автомашинадан тушиб, ташқарига қочган вақтда аёл ёндиргич билан ўзини ва автомашинани ёқиб юборгани чиндан ҳам даҳшатли. Янада ачинарлиси, чақирувга асосан ҳодиса жойига етиб келган Фарғона вилояти фавқулодда вазиятлар бошқармаси ходимлари томонидан ёнғин тезкорлик билан ўчирилиб, шошилинч тиббий ёрдам ходимлари томонидан автомашина салонида бўлган марҳуманинг ёнғин натижасида туғилган чақалоғи шифохонада кўрсатилган зарур тиббий ёрдамга қарамай, вафот этгани ҳар қандай инсон қалбини ларзага келтиради.

Айни пайтда ушбу ҳолат юзасидан Фарғона шаҳар прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 103-моддаси 2-қисми «б» банди (Ўзини ўзи ўлдириш даражасига етказиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Хўш, Интернет тармоқлари ва ОАВ воситалари орқали турлича талқин этилаётган мазкур фожианинг асл сабаби нимада эди? Фарғона вилояти ҳокими ўринбосари – оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи Комила Кавлонова ҳолатни ўрганиш мақсадида марҳума туғилиб ўсган Марғилон шаҳри «Аҳмад Яссавий» МФЙ Ёшларобод кўчасидаги хонадонда бўлди.

Оиланинг турмуш тарзи билан танишиб, тезкор равишда уларга ижтимоий ва психологик ёрдам кўрсатиш чоралари кўрилди. Бундан ташқари ҳолат бўйича мутасадди мансабдор шахслар ва жамоатчилик вакиллари ўртасида муҳокама ташкил этиш чора-тадбири режалаштирилди.

Ўз навбатида шу куннинг ўзида Муҳаммадали Усмонов истиқомат қилаётган Фарғона шаҳридаги «Ҳувайдо» МФЙда жойлашган яшаш хонадонида ҳам бўлдилар.

Маълум бўлишича, Муҳаммадали 2022 йилнинг 28 август куни Россиядан келиб, 19 ноябрь куни фуқаро М. Ҳомидова билан Фарғона шаҳар 2-сонли ФҲДЁ орқали қонуний никоҳдан ўтишган.

Суҳбат жараёнида аниқланишича, Муҳаммадали Россияда ишлаб юрган вақтида Маҳлиё исмли аёл билан танишиб, ўзидан 8 ёш катта ва 1 нафар вояга етмаган фарзанди бўлишига қарамай, шаръий никоҳ орқали яшаб юришган. Бу ҳақида Муҳаммадали Усмонов оила аъзоларининг умуман хабари бўлмаган. Аммо Муҳаммадали ва Маҳлиё ўртасига совуқчилик тушиб, Россиядаёқ уларнинг муносабати бузилган.

2022 йил 19 ноябрь куни Муҳаммадали оила қурганидан хабар топган Маҳлиё унга ҳомиладор эканлиги боис яна бирга яшаш таклифини билдирган.

Муҳаммадали Усмонов янги оила қурганлигини айтиб, рози бўлмаган. Шундан сўнг 202З йил 12 январь куни номаълум шахс томонидан Муҳаммадали Усмонов яшаш уйининг кўча томонидаги табиий газ муҳрлари ўчирилиб, шахсий автомашинасининг баллонлари тешиб кетилган. Яширин камера орқали бу ишни Маҳлиё содир этгани аниқланган.

2023 йил 24 январь куни Маҳлиё Муҳаммадалига телефон орқали боғланиб, аҳволи ёмонлашганлиги, тезда келиб Фарғона шаҳар туғуруқ бўлимига олиб боришини айтгач, уни ижарада турган манзилидан касалхонага олиб келаётганида юқоридаги фожеа юз берган.

Шу йилнинг 11 январь куни Фарғона шаҳар «Маданият» маҳалла фуқаролар йиғини ишчи гуруҳи аъзолари хонадонма-хонадон кириб аёллар муаммоларини ўрганиши давомида Қўқон кўчасининг 60-уй, 18- хонадонда ижaрада турган Маҳлиё Ҳайдарова билан юзма-юз мулоқот ўтказишган. М. Ҳайдарова мулоқот асносида 2022 йилнинг ноябрь ойидан буён 2013 йилда туғилган Маликахон исмли қизи ва турмуш ўртоғи билан бирга мазкур уйда ижарада яшаётганлигини таъкидлаган.

Суҳбат чоғида аёл Марғилон шаҳридаги доимий яшаш ҳудудида табиий газ ва электр энергияси йўқлиги сабабли қиш мавсумини ўтказиб, яқин кунларда иккинчи фарзандини дунёга келтириши ва чилласи чиқиши билан доимий яшаш хонадонига кетишини айтган.

— Баъзан лоқайдлигимиз, муаммонинг асл илдизига етиб боришга кеч қолишимиз туфайли шу каби аянчли фожиа келиб чиқаётгани ачинарлидир, — дейди Фарғона вилояти ҳокими ўринбосари – оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи Комила Кавлонова. — Бундай ҳолатлар икки оиланинг эмас, бутун бошли жамиятнинг муаммоси сифатида қаралиши зарур. Афсус, онага қўшилиб чақалоқ ҳам нобуд бўлди. Хотин-қизлар, маҳалла фаоллари, ота-оналар иштирокида ушбу фожиани атрофлича ўрганиб, келгусида бу каби кўнгилсизликлар содир бўлмаслиги учун аёллар муаммолари билан ишлашда янгича ёндашувларга ўтиш зарурлигини яна бир карра ҳис қилдик.

Киритилди: 15:59 30.01.2023. Ўқилди: 5660 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!