АҚШ ва Жанубий Кореяга ноқонуний юборишни ваъда қилган шахслар ушланди
Улардан бири аёл киши...
Ноқонуний миграцияга қарши курашиш йўналишида Давлат хавфсизлик хизматининг Тошкент шаҳар бўйича бошқармаси, Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ва Ички ишлар органлари ҳамкорлигида тезкор тадбир ўтказилди.
Тадбир давомида Тошкент вилояти Чиноз туманида яшовчи 1969 й.т., муқаддам бир неча маротаба судланган шахс пойтахтда истиқомат қилувчи 2001 й.т. фуқаронинг ишончига кириб, мансабдор танишлари орқали уни Америка Қўшма Штатларига ишчи виза асосида юбориш ва бунинг учун зарур бўладиган барча ҳужжатларни расмийлаштириб бериш эвазига 22 минг АҚШ доллари талаб қилиб, олдиндан 5 минг АҚШ доллари олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.
🗺Андижон вилоятида қайд этилган ҳолатда эса Избоскан туманида яшовчи 1993 й.т. шахс асакалик 26 ёшли фуқаронинг ишончига кириб, ўзининг мансабдор танишлари орқали унга ишчи виза тайёрлатиш ҳамда Жанубий Кореяга ишга юбориш эвазига 6 минг АҚШ доллари талаб қилиб, олдиндан 3 минг АҚШ доллари олган вақтида Давлат хавфсизлик хизмати ва Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходимлари томонидан унинг ноқонуний ҳаракатига чек қўйилди.
Терговга қадар текширув давомида, у муқаддам 1999 й.т. бошқа бир фуқарони ҳам Жанубий Кореяга ишга юборишни ваъда қилиб, пул олганлиги маълум бўлди.
Ҳозирда ҳар икки ҳолат бўйича қонунбузарларга нисбатан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.