Европадаги экстремал иссиқлик 2 миллиард евролик ғалла экинларини йўқ қилди. Бу ҳақда Energy and Climate Intelligence Unit (ECIU) таҳлилига таяниб Financial Times нашри ёзмоқда.
«Янги маълумотларга кўра, Европада июнь ойида кузатилган жазирама ғалла ҳосили қийматининг 2 миллиард евродан ортиққа камайишига олиб келди. Бундан энг катта зарарни Франция ва Венгрия кўрди», — дейилади мақолада.
Нашр ахборотига кўра, иссиқлик Марказий ва Жанубий Франция, Жанубий Германия, шунингдек, Австрия, Польша ва Венгрияда буғдойни дон тушиш (пишиб етилиш) даврида урган.
ECIU’нинг ер, озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги масалалари бўйича таҳлилчиси Том Ланкастернинг таъкидлашича, юзага келган вазият «фермерларнинг ҳамёнига оғир зарба бўлади», уларнинг даромадларини камайтиради ҳамда Европанинг озиқ-овқат хавфсизлигига путур етказади.