Европа Комиссияси (ЕК) сешанба куни Россия нефти, гази ва ядровий энергиясини Европа бозорларидан босқичма-босқич чиқаришни кўзда тутадиган махсус “йўл харитаси” лойиҳасини эълон қилди. Бу ҳақда ЕКнинг энергетика масалалари бўйича комиссари Дан Йоргенсен Страсбургда ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилди.
“Бугун биз ‘йўл харитаси’ни маъқулладик ва келаси ойда Европа Комиссиясига тегишли қонунчилик таклифларини тақдим этамиз”, — деди Йоргенсен.
ЕК нашрига кўра, мазкур “йўл харитаси” Россия нефти, гази ва ядровий энергиясини ЕИ бозорларидан “ҳамкорликда, босқичма-босқич ва хавфсиз равишда чиқариб бориш”ни назарда тутади.
Ҳужжатда қайд этилишича, ушбу чора-тадбирлар ЕИда энергия етказиб бериш хавфсизлигини таъминлаш, нарх ва бозорларга бўлган таъсирни чеклаш мақсадида ишлаб чиқилган.
Режага кўра, 2030 йилгача Европа Иттифоқи 100 миллиард куб метргача табиий газни бошқа манбалар билан алмаштириши кутилмоқда. 2027 йилгача эса 40–50 миллиард куб метр газ истеъмоли камайтирилиши режалаштирилган. Шу билан бирга, 2028 йилга қадар ЕИнинг суюлтирилган табиий газ (СПГ) импорт қуввати тахминан 200 миллиард куб метрга етказилиши режада — бу ҳозирги Россия гази импортидан 5 баробар кўп.