Италия ҳукумати халқаро ҳуқуққа зид ҳаракатлар қилган Исроил миллий хавфсизлик вазири Итамар Бен-Гвирга нисбатан санкция жорий этиш борасида Европа Иттифоқига сўров юборди.
«Италия ҳукумати номидан мен ЕИнинг олий вакили Кая Калласдан ЕИ ташқи ишлар вазирларининг навбатдаги муҳокамасига Исроил миллий хавфсизлик вазири Бен-Гвирга қарши санкция жорий этиш масаласини киритишни расман сўрадим. Бунга унинг флотилияга қарши номақбул ҳаракатлари – халқаро сувлар ҳудудида фаолларни қўлга олгани ҳамда уларни таъқиб ва камситишларга дучор қилгани сабаб бўлди. Бу асосий инсон ҳуқуқларининг бузилишидир», – деб баёнот берди Италия ташқи ишлар вазири Антонио Таяни.
Исроил миллий хавфсизлик вазири Итамар Бен-Гвирнинг ўзи томонидан эълон қилинган видеолавҳада гуманитар ҳалокат ёқасидаги Ғазо секторига кўмак мақсадида йўл олган «Сумуд» флотилияси фаоллари тиз чўктирилган ҳолда таҳқирлангани акс этган. Бен-Гвир аёл кишига куч ишлатгани ҳам кўринади.
Гап шундаки, жорий йил 14 май куни Туркиянинг Мармарис портидан йўлга чиққан «Сумуд» флотилияси 18 май куни Исроил ҳарбий-денгиз кучлари томонидан халқаро сувлар ҳудудида тўхтатилган. Маълумотларга кўра, Исроил ҳарбийлари 40 дан зиёд давлат вакили бўлган 428 кишини ушлаган. Улар орасида Италиянинг 32 нафар фуқароси ҳам бор.
«Гўёки дўст ва иттифоқчи бўлган мамлакат хавфсизлик кучлари томонидан Италиянинг ўттиз икки нафар фуқароси, жумладан, бир нафар парламент аъзоси калтакланди, жисмоний ва руҳий камситишларга дучор қилинди. Шу билан бирга, ҳимоя қилиш бўйича тўғридан-тўғри расмий сўровлар ҳам эътиборсиз қолдирилди. Бу эса ўзини оз бўлса-да қадрлайдиган ҳар қандай ҳукуматнинг сабр косасини тўлдирадиган ҳолатдир», – дея ҳолатга муносабат билдирган Италиядаги «Беш юлдуз ҳаракати» депутатлари.
Канада, Туркия, Қатар, Польша, Буюк Британия, Нидерландия, Испания, Франция каби давлатлар ҳам Исроил вазирининг хатти-ҳаракати юзасидан норозилик билдирган.
Politico нашри ёзишича, ЕИнинг яна бир қатор давлатлари Исроил вазирига жазо қўллаш тарафдори. Аммо Чехия ҳукумати яҳудий давлати вазирларига қарши санкцияларни блоклашга ваъда берган.
Бинямин Нетаняҳу маъмуриятида миллий хавфсизлик вазири лавозимида фаолият юритиб келаётган Итамар Бен-Гвир Фаластин халқига қарши радикал баёнотлари билан отнинг қашқасидек танилган. Жумладан, у Ғазо секторидаги 2,3 миллион аҳолини бошқа ҳудудларга сургун қилишни тарғиб қилиб келади.
Бен-Гвир жорий йил март ойида Исроил парламентида қабул қилинган ва халқаро ҳамжамият томонидан «дискриминация ва ирқчиликка асосланган зўравонлик» деб қораланган, фаластинликларга нисбатан ўлим жазосини қўллашга доир қонуннинг ҳам асосий ташаббускорларидан бири саналади.
Ўтган йили Буюк Британия, Канада, Австралия, Янги Зеландия ва Норвегия Итамар Бен-Гвир ҳамда унинг радикал қарашли ҳамкасби, молия вазири Бецалел Смотричга қарши санкция жорий қилган эди.
«Итамар Бен-Гвир ва Бецалель Смотрич исроилликларни зўравонлик, экстремистик ҳаракатларга ҳамда фаластинликлар ҳақ-ҳуқуқларини жиддий равишда бузишга ундаб келмоқда. Фаластинликларни зўрлик билан кўчириш ва (Фаластин ерларида) янги яҳудий манзилгоҳларини барпо этишга қаратилган экстремистик чақириқлар даҳшатли ва хавфлидир. Бундай ҳаракатларни қабул қилиб бўлмайди», – дейилади беш давлат ташқи ишлар вазирлари баёнотида.
2024 йили Axios нашри АҚШ президенти Жо Байден маъмурияти Исроил вазирлари Бен-Гвир ва Смотричга нисбатан санкция қўллаш имкониятини муҳокама қилгани, аммо пировардида бунга журъат қилмагани ҳақида хабар берганди.