Европа Иттифоқи Россияни ҳарбий жабҳада қўллаб-қувватлагани сабаб Хитойга қарши санкция жорий этмоқчи. Бу ҳақда Politico нашри хабар берди.
Эслатиб ўтамиз, жорий йил июль ойида Reuters агентлиги Хитой санкция чораларига қарамай, Россияга яширин равишда ҳарбий дронлар учун двигатель етказиб беришда давом этаётгани ҳақида хабар берганди.
Санкциялардан қочиш мақсадида двигателлар сохта компаниялар орқали “cаноат музлаткичлари учун эҳтиёт қисм” сифатида сотилмоқда.
Хитой двигателлари ўрнатилган “Гарпия-А1” русумли камикадзе дронлар Россиянинг “Алмаз-Антей” давлат концерни назоратидаги “Купол” электромеханика заводида ишлаб чиқарилмоқда.
Politico нашрига кўра, Пекин томонидан Москвага ҳарбий жабҳада кўмак кўрсатилаётгани Брюсселда хавотир уйғотган. ЕИнинг 15 мамлакати бу масалада Хитой ҳукуматига мурожаат қилган. Расмий Пекин ё Москвага дрон ишлаб чиқаришда кўмак кўрсатаётгани ҳақидаги хабарни рад этган, ё Брюссель сўровини умуман жавобсиз қолдирган.
“Ҳисоботлар кўрсатмоқдаки, Хитой (Россияга кўмак борасида) ўз ролини сифат ва миқдор жиҳатдан оширмоқда. Бемалол айтиш мумкинки, Хитойнинг дастагисиз уруш (Россиянинг Украинага босқини назарда тутилмоқда – таҳр.) ҳозир бошқача кўринишда бўларди”, – деган Европа дипломати.
ЕИ Хитойга қарши санкцияни август ойидан кейин жорий этмоқчи. Расмий Брюссель, айни чоқда, мулоқот учун эшикларни ҳам очиқ қолдирмоқда.
Хитойнинг Россияга ҳарбий жабҳада эҳтимолий кўмаги масаласи кўпдан буён муҳокама қилинмоқда.
Аввалроқ Bloomberg агентлиги Пекин Москвага ҳарбий нишонлар учун разведка маълумотлари, ҳарбий саноат учун микроэлектроника, танк ишлаб
чиқариш учун керакли дастгоҳлар ва ракета ёнилғиси етказаётгани ҳақида таҳлилий материал чоп этганди.
Хитой расмийлари на Россия, на Украинага қурол сотмаслиги, бу борада мамлакат бетараф мақомда эканини таъкидлаган.
Уруш туфайли катта сиёсий ва иқтисодий босимга учраган Россия раҳбарияти Хитой кўмаги ва дастагига умид қилмоқда. Аммо ҳозирги вазиятда “айиқ” ва “панда” ўртасида кучлар нисбати тенг эмас. Бу эса Пекинга Москва олдига янада кўпроқ шартлар қўйиш имконини бераётгани айтилмоқда.