Евроиттифоқ ва АҚШ Россияга қарши санкциялар масаласида келиша олмаяпти.
Бу ҳақида Süddeutsche Zeitung хабар берди.
Нашрнинг Германия Ташқи ишлар вазирлиги ёпиқ ҳисоботига таяниб хабар беришича, Евроиттифоқ Россияга нисбатан санкциялар ижросини назорат қилиш масаласида АҚШ ва Хитой билан келишувга эриша олмаган.
20 май куни бўлиб ўтган ЕИ Ташқи ишлар кенгаши йиғилишидан сўнг тайёрланган ҳужжатга кўра, Европа Иттифоқининг санкциялар бўйича махсус вакили Дэвид О'Салливан АҚШ томонининг санкцияларни четлаб ўтиш масаласидаги барча музокара каналлари тўхтатилганидан афсус билдирган. Ҳужжатда Евроиттифоқ энди бу борада Вашингтоннинг ёрдами ва қўлловига ишона олмаслиги, G7 мамлакатлари билан ҳамкорлик эса самарасини йўқотгани айтилади.
Евроиттифоқининг навбатдаги санкциялари, эҳтимол, Россиянинг энергетика ва банк секторларига қарши қаратилади. Аммо сўнгги ҳафталардаги воқеалар фонида Қўшма Штатлар бу санкцияларда иштирок этадими-йўқми, деган савол пайдо бўлмоқда.
"Муаммо шундаки, Вашингтон аслида санкциялар режимининг ҳаракатлантирувчи кучи ҳисобланади", — дея изоҳ берди Европарламент депутати Сергей Лагодинский.
Süddeutsche Zeitung'нинг ёзишича, савдо чекловлари ўз самарасини бермоқда ва Россия иқтисодиётига сезиларли таъсир кўрсатмоқда. Евроиттифоқ Арманистон, Сербия, Ўзбекистон ва Ҳиндистон орқали ҳарбий маҳсулотлар экспортини чеклашда муайян ютуқларга эришган. Бироқ Қозоғистон, БАА ва Туркия орқали етказиб беришлар давом этмоқда, санкцияларни четлаб асосий марказлари эса Хитой ва Гонконг ҳисобланади.
О'Салливаннинг сўзларига кўра, санкцияларни бузишда Евроиттифоқнинг ўзидан ҳам айрим компаниялар иштирок этмоқда, бу эса Еврокомиссиянинг учинчи давлатлар билан музокарадаги позициясини заифлаштирмоқда.