Газетанинг ёзишича, АҚШ Эрон расмийларининг шахсий телефон суҳбатларини тинглаган. Ушбу суҳбатларнинг мазмуни Доналд Трамп томонидан билдирилган "Қўшма Штатларнинг ҳужумлари натижасида Эрон ядровий дастури тугатилди ёки ўн йилликларга ортга сурилди" деган версияга мос келмайди.
The Washington Post бу маълумотни АҚШ махсус хизматларига яқин бўлган тўрт манбасига таяниб берган. Нашр маълумотларига кўра, авиазарбалар кўлами ҳам, Эронга етказилган зарар ҳам Трамп маъмурияти томонидан сезиларли даражада бўрттирилган.
Бундан ташқари, АҚШ матбуоти махсус хизматларнинг дастлабки ҳисоботига таянган ҳолда Вашингтоннинг талқинини шубҳа остига қўймоқда. Мазкур маълумотларга кўра, зарбалар Эрон ядровий дастурининг ривожланишини атиги бир неча ойга орқага сурган. Худди шу фикрни Халқаро атом энергияси агентлиги (МАГАТЭ) раҳбари Рафаел Гросси ҳам CBS телеканалига берган интервюсида тасдиқлаган.
Ўз навбатида, Трамп маъмурияти эронлик расмийларнинг шахсий суҳбатлари тинглангани фактини рад этмаган. Бироқ Оқ уй матбуот котиби Кэролайн Ливитт бу борада кескин муносабат билдирди.
"Шармандалик, Wahington Post контекстдан юлиб олинган маълумотларни тарқатиб, жиноят содир этаётганларга ёрдам бермоқда. Эрон ядровий дастурига барҳам берилган", — дея у президент Трампнинг расмий позициясини яна бир бор таъкидлади.