Энергетика соҳасидаги йирик нефть-газ компаниялари раҳбарлари Эрондаги уруш ёқилғи нархларига бозорлар кутганидан ҳам кучлироқ таъсир кўрсатиши мумкинлигини билдирди. Бу ҳақда CNBC телеканали CERAWeek энергетика конференциясига таяниб хабар бермоқда.
Мутахассисларнинг баҳолашича, асосий муаммо фақат нархларнинг ошишида эмас, балки таъминотдаги ҳақиқий узилишлар хавфида ҳамдир. Ҳўрмуз бўғози орқали жаҳон нефти ва суюлтирилган газининг тахминан 20 фоизи ўтади ва бу ҳудуддаги ҳар қандай узилишлар глобал бозорга дарҳол таъсир кўрсатади.
Бозор иштирокчиларининг қайд этишича, мавжуд вазият аллақачон ёқилғининг жисмоний етиб боришига таъсир кўрсата бошлаган, айниқса бу Осиёда яққол кўзга ташланмоқда. Кейинчалик бу хатарлар Европага ҳам тарқалиши мумкин. Дизель ва авиация ёқилғиси каби нефть маҳсулотлари нархлари аллақачон ўсишни бошлаган, бироқ соҳа вакилларига кўра, бозорлар ҳали ҳам эҳтимолий инқироз миқёсига тўлиқ баҳо беролмаяпти.
"Ҳатто вазият юмшаган тақдирда ҳам, оқибатлар тезда бартараф этилмайди: таъминот ва захираларни тиклаш вақт талаб қилади ва бу нархларнинг юқори даражада сақланиб қолишига олиб келади", дейилади мақолада.