Бенямин Нетаняхунинг айтишича, Эрон зарбасига жавоб бериш Исроилнинг «ҳуқуқи ва масъулияти».
«Дунёдаги ҳеч бир давлат ўз шаҳарлари ва фуқароларига бундай ҳужумни қабул қилмайди», деб таъкидлади Исроил Бош вазири 1 октябрь куни Эроннинг йирик ракета ҳужумига ишора қилиб. У яна бир бор бу ҳужум «жавобсиз қолмаслигига» ваъда берди.
Бироқ Нетаняху бу жавоб қандай бўлишини ва қачон бўлишини айтмади. Sky News Arabia телеканалига кўра, гап Теҳрон Яқин Шарқдаги иттифоқчи жангари исломий гуруҳларни қўллаб-қувватлаш учун фойдаланадиган инфратузилма объектларига зарба бериш ҳақида кетаётган бўлиши мумкин.
Жо Байден аввалроқ Исроилнинг Эрон нефть иншоотларига ҳужум қилиши эҳтимоли ҳақида гапирган эди. Шу билан бирга, АҚШ президенти Нетаняху ҳукуматини «бошқа муқобиллар ҳақида ўйлашга» чақирди. Шунга қарамай, унинг сўзлари нефтнинг жаҳон нархларида сакрашга сабаб бўлди.