Эрон ўзининг ядровий дастурини сақлаб қолиш ниятида. Бу ҳақда Эрон атом энергияси агентлиги (AEOI) раҳбари Муҳаммад Эслами давлат телеканали IRIB орқали чиқишида маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, ишлаб чиқариш жараёни тўхтамаслиги керак ва давом эттирилиши лозим.
Айни вақтда Исроил ва АҚШ томонидан Эрон ядровий объектларига қилинган ҳужумлардан кейин етказилган зарар ҳажми тўлиқ аниқланмаган. Эслами таъкидлашича, объектларда баҳолаш ишлари ҳали ҳам олиб борилмоқда.
Мутахассисларнинг фикрига кўра, урушдан сўнгги вайронагарчилик миқёси ҳозирча ноаниқ. АҚШ президенти Дональд Трамп асосий ядровий иншоотлар тўлиқ йўқ қилинганини даъво қилган, бироқ бу баёнот ҳозирча мустақил манбалар томонидан тасдиқланмаган. Шунингдек, Эрон режими ҳужумлар вақтида қанча бойитилган уранни сақлаб қолгани ҳам ҳозирча номаълум.