АҚШ Жаҳон чемпионати гуруҳ босқичида эронлик мухлислар учун ажратилган чипталар квотасини бекор қилди. Эрон Футбол федерацияси турнир мезбонини сиёсий келишмовчиликлар сабабли мухлисларнинг стадионга киришига тўсқинлик қилаётганликда айбламоқда.
"Жаҳон чемпионати стартига уч кундан камроқ вақт қолганида, АҚШ яна миллий терма жамоамизнинг гуруҳ босқичидаги учта ўйинига эронлик мухлисларнинг киришига тўсқинлик қилишга уринмоқда", дейилади Эрон терма жамоаси берган баёнотда.
Қайд этилишича, давлатлар ўртасидаги зиддиятлар сабабли АҚШ визалар беришни рад этиш ва бошқа бюрократик тўсиқлар орқали Эрон делегациясига қийинчилик туғдирмоқда. Хусусан, терма жамоанинг 15 нафар маъмурий ходимига виза берилмаган.
FIFA қоидаларига кўра, ҳар бир иштирокчи давлатга ўйинлар учун чипталарнинг 8 фоизи ажратилиши керак. Ушбу квотани қабул қилиб олган Эрон футбол федерацияси Янги Зеландия, Белгия ва Мисрга қарши ўйинлар учун чипталар сотувини аллақачон бошлаб юборган эди. Аммо АҚШ расмийлари кутилмаганда ушбу квотани бекор қилди ва натижада Эрон футбол федерацияси ўз мухлисларига бирорта ҳам чипта тақдим эта олмай қолди.
Эрон футбол мутасаддилари бу ҳаракатни халқаро мусобақалар руҳига ва иштирокчи давлатлар ўртасидаги тенглик тамойилига зид деб баҳолади. Шунингдек, улар FIFA ва турнир ташкилотчиларини нейтраллик ҳамда адолат принсипларига риоя қилган ҳолда эронлик мухлислар учун зарур шароитларни яратиб беришга чақирган. Ҳозирча FIFA ва АҚШ ушбу айбловлар юзасидан расмий муносабат билдирмади.
Эрон терма жамоаси ЖЧ—2026 гуруҳ босқичидаги дастлабки учрашувини 15 июн куни Лос Анжелесда Янги Зеландияга қарши ўтказади. Шунингдек, улар 21 июн куни худди шу шаҳарда Белгия, 26 июн куни эса Сиетлда Миср терма жамоаси билан куч синашади.