"Мазкур амалиёт самолётлардан ёки ердан туриб булутларга кумуш ёки калий йодид каби кимёвий моддаларни киритишни ўз ичига олади. Бу сув буғининг конденсациясини ва ундан кейинги ёғингарчиликни тезлаштиради", дея жараёнга изоҳ берди нашр.
Эроннинг расмий IRNA ахборот агентликнинг хабар беришича, шанба куни бу жараён Урмия шўр сув ҳавзаси устида амалга оширилган. Урмия Эроннинг энг катта кўли эди, аммо бир неча йиллик қурғоқчилик натижасида у сезиларли даражада қуриб қолди.
Агентлик маълумотларига кўра, сунъий равишда ёмғир ёғдириш амалиёти Эроннинг Ғарбий ва Шарқий Озарбойжон вилоятларида ҳам давом этади.
Эрон Метеорология ташкилоти маълумотларига кўра, бу йил мамлакатда ёғингарчилик узоқ муддатли ўртача кўрсаткичдан 89 фоиз паст. 9 миллиондан ортиқ аҳолига эга пойтахт Теҳрон шаҳрида сув омборлари ўз сиғимининг 10 фоиздан камроқ қисмигача пасайди.
Расмийлар сув таъминотида чекловларни истисно қилмаяпти, президент Маъсуд Пизишкиён эса Теҳронни эвакуация қилиш зарурияти юзага келиши мумкинлигини айтди.