Исроилнинг Эронга ҳужуми таҳдиди ҳамон сақланиб қолмоқда ва шунинг учун можарони бутунлай тугатилган деб ҳисоблаш мумкин эмас.
Бу ҳақда Ислом Республикаси армияси бош қўмондони, генерал-лейтенант Амир Хотамий маълум қилди.
"Ҳатто 1 фоизлик ҳужум эҳтимоли 100 фоиз таҳдид сифатида қабул қилиниши керак. Биз душманни паст баҳолай олмаймиз ва барча таҳдидлар ўтмишда бўлган деб ўйлай олмаймиз", - деди у.
Хотамийнинг сўзларига кўра, ракета қўшинлари ва Эроннинг учувчисиз самолётлари кучлари ҳамон шай ҳолатда ва янги таҳдидлар юзага келса, қўлланилади.
Эслатиб ўтамиз, 13 июнга ўтар кечаси Исроил Эронга қарши ҳарбий операция бошлаган эди. Орадан бир кун ўтмасдан Ислом Республикаси жавоб ҳужумини амалга оширди. Қўшма Штатлар можаро кучайганидан тўққиз кун ўтиб Эроннинг Фордо, Натанз ва Исфаҳондаги ядровий иншоотларига зарба бериб, унга киришди. 23 июнь оқшомида Эрон Американинг Яқин Шарқдаги энг йирик ҳаво базаси – Қатардаги Ал-Удейд авиабазасига ҳужум қилди. Шундан сўнг АҚШ президенти Дональд Трамп Исроил ва Эрон сулҳга келишиб олганини маълум қилди. Ўт очишни тўхтатиш келишуви 24 июндан кучга кирди.
Трамп аввалроқ Теҳрон ўз салоҳиятини тиклашга интилаётган деб ҳисобласа, Эрон ядро иншоотларига такрорий зарбалар беришга тайёрлигини бир неча бор таъкидлаган эди. Ислом Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги раҳбари Аббос Арагчи Эрон қайта-қайта тажовуз содир бўлса, қатъий жавоб беришга ваъда берди.