Бугун 30 сентябрь, 2026 йил, чоршанба

O'ZB

Эрон Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси давлат хазинасини четлаб ўтиб, нефтьни қандай сотади?

Эрон Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси давлат хазинасини четлаб ўтиб, нефтьни қандай сотади?

Юқори лавозимдаги КИР офицерларидан бири санкцияларни четлаб ўтиб нефть савдосини амалга ошириш ва шахсий бойлик орттириш учун кенг кўламли коррупция тармоғини ташкил қилган. Бу ҳақда Iran International янги журналистик текширувида хабар бермоқда.

КИР разведка хизмати офицери Мустафо Аҳадий бир неча йилдан бери нефть савдоси схемасига раҳбарлик қилиб келган. Ҳозир у КИР Разведка ташкилотининг 600-бўлинмаси раҳбари ўринбосари лавозимида ишлайди.

2010-йилларнинг охирида, санкциялар шароитида нефть сотиш учун масъулият Олий миллий хавфсизлик кенгашига юклатилган пайтда, Аҳадий кенгаш таркибига иқтисодий масалалар бўйича ўринбосар сифатида кирган. Халқаро ташкилотлар унинг махсус хизматларга алоқадорлигини билиб қолмаслиги учун у ўз мақомини ошкор қилмаган ҳолда БРИКСнинг Россия ва Бразилияда ўтказилган икки саммитида иштирок этган.

Унинг Эрон нефть савдосидаги иштироки шу қадар катта бўлганки, у ҳатто Нефть вазирлиги амалдорларига Харк оролидаги нефть терминалларига ташрифлари вақтида ҳамроҳлик қилган.

Олий миллий хавфсизлик кенгашида ишлаган даврида Аҳадий ўзининг собиқ ўринбосари Муҳаммад Жавод Бавандни Кенгашнинг махсус қўмитасига КИР разведкаси вакили сифатида юборган. Расман унинг вазифаси санкция остидаги нефть савдосини назорат қилиш эди. Бироқ асосий вазифаси КИР разведка тармоғи учун нефть савдосидан коррупциявий даромадлар келиб тушишини таъминлаш бўлган.

Кейинчалик Нефть вазирининг нефть сотуви бўйича махсус ёрдамчисига айланган Баванд 86 миллион барреллик нефть партиясини ўз назоратидаги брокерларга берган. Улар эса охир-оқибат давлатга тушиши керак бўлган миллиардлаб долларлик даромадни қайтармаган. Бу шунга ўхшаш схемалардан бир мисол ҳисобланади.

Аҳадий бошқа ҳамкорларини ҳам юқори лавозимларга илгари сурган. Нефть вазирлиги ва назорат органидаги икки хабардор манба Iran International’га маълум қилишича, беш йил олдин Karafarin банки ижро директорига айланган Аҳмад Баҳарвандий аслида Баванднинг КИР разведкасидаги ҳамкори бўлган. Иккаласи ҳам Имом Содиқ университетида таҳсил олган. Мустафо Аҳадий ҳам шу университетда ўқиган ва университетдаги «Басиж» талабалар ташкилоти аъзоси бўлган.

Прокуратура каби фуқаролик органлари нефть савдосидаги коррупция схемаларини тергов қилишга уринганида, Аҳадий ўз таъсиридан фойдаланиб, ишларни КИР назоратига ўтказишга эришган ва маблағларни ўзлаштириш ҳолатларини яширган.

Киритилди: 21:30 29.09.2026. Ўқилди: 302 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!